Ассалому алайкум, муҳтарам устозлар ва мураббийлар!
Аввало, Сиз азизларни, сизларнинг тимсолингизда устоз деган шарафли номни улуғлаб келаётган юртимиздаги барча инсонларни Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан самимий табриклайман.
Буюк бобомиз Алишер Навоий айтганларидек, дунёнинг бор бойлик ва хазинаси билан ҳам олийжаноб меҳнатингиз ҳақини адо этиб бўлмайди. Ҳақиқатан ҳам, ўқувчиларини ўз фарзандидек ардоқлаб, ёш авлод тарбияси учун кўз нури, қалб қўри, бутун борлиғини бахш этадиган ўқитувчи ва мураббийлар том маънода фидойи касб эгаларидир.
Мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги даврига қадам қўйган ҳозирги кунда замонавий давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаши аввало илм-фан ва таълим-тарбия соҳасининг ривожи билан, бу борада бизнинг дунё миқёсида рақобатдош бўла олишимиз билан узвий боғлиқ, десак муболаға бўлмайди. Сиз, азиз ўқитувчи ва мураббийлар сизларнинг берган билим ва тажрибангиз, истеъдод ва маҳоратингизга суянамиз. Шу ўринда Монополияга қарши курашиш қўмитаси ривожида, давлатимизда рақобат муҳитини шаклланишида, Қўмита тизимида ҳам узоқ йиллар фаолият кўрсатиб, бугунги кунда шогирдларига ўз маслаҳатларини аямай, ёш кадрлар билан елкама-елка хизмат қилаётган устоз фахрийларимиз ҳиссаси беқиёсдир. Ўз навбатида Қўмитада фахрийларимиз меҳнатларини қадрлаган ҳолда устоз шогирд анъаналари давом этмоқда. Улар Қўмита раиси маслаҳатчиси, Қўмита хузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари сифатида Қўмита ҳаётида фаол иштирок этмоқдалар. Эътироф этмоқ керак, сўнги йиллар давомида Қўмитамиз фаҳрийлари давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлмоқдалар.
Муҳтарам ўқитувчи-мураббийлар, азиз устозлар!
Сизларни 1 октябрь – ўқитувчи ва мураббийлар куни билан яна бир бор табриклаб, барчангизга узоқ умр, бахт-саодат, хонадонингизга файзу-барака, баркамол авлодни вояга етказишдаги эзгу ишларингизга улкан зафарлар тилайман.