Рақобат қўмитаси Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан устун мавқега эга бўлган давлат реестрида турувчи “O‘ZYO‘LKO‘PRIK KLASTERINING NAVOIY FILIALI” давлат муассасаси томонидан 2023-2025 йиллар давомида асфальт-бетон қоришмаси, асфальт-бетон иссиқ қоришмаси, асфальт-бетон совуқ қоришмаси ва қора шебен маҳсулотларини сотиш бўйича тузилган шартномаларни амалдаги меъёрий ҳужжатларга риоя этилиши юзасидан ўрганиш ўтказилди.
Ўрганиш натижаларига кўра, ушбу корхона томонидан 2023-2025 йилларда тузилган шартномаларида харидор учун камситувчи шартлар киритилгани маълум бўлди. Яъни битта бандида етказиб берилган маҳсулотлар ҳақини кечиктирилганлиги учун “Харидор” кечиктирилган ҳар бир кун учун кечиктирилган тўлов суммасининг 0,4 ва 0,5% миқдорида, лекин шартнома сумманинг 50 % дан ошмаган миқдорда пеня тўлаши қайд этилган.
Шунингдек, яна бир бандида маҳсулотларни етказиб бериш муддатлари кечиктирилганлиги учун “Маҳсулот етказиб берувчи” кечиктирилган ҳар бир куни учун мажбурият бажарилмаган қисмининг 0,4 ва 0,5% миқдорида, лекин ушбу сумманинг 10%дан ошмаган миқдорда, пеня тўлаш шарти киритилган. Бу ҳолатда корхонада ўз устун мавқеидан фойдаланиш аломатлари мавжудлиги аниқланган.
Юқоридагиларга мувофиқ, ҳудудий бошқарма Махсус комиссияси томонидан “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 18-моддаси талаблари бузилганлиги бўйича “O‘ZYO‘LKO‘PRIK KLASTERINING NAVOIY FILIALI” ДМга нисбатан иш қўзғатилиб, натижаси юзасидан молиявий жарима қўллаш ҳақида қарор қабул қилинди.
Шунингдек, қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.