Бугунги кунда оммавий ахборот воситалари, телеграм каналлари ва ташқи реклама воситаларида хусусий сайёҳлик фирмалари ҳамда турагентликлар томонидан “Умра” зиёратлари билан боғлиқ жойлаштирилаётган реклама ахборотлари кескин фаоллашган, айниқса интернет ва ижтимоий тармоқларда бундай рекламалар кўплаб учрамоқда.
Турли шаклларда берилаётган мазкур рекламаларда, аввало кўрсатиладиган хизматлар, учиш, зиёрат кунлари, нархи ва тақдим этилиши лозим бўлган ҳужжатлар ҳамда туроператорларнинг телефон рақамлари ҳақида маълумот берилади.
Бироқ, “Умра” тадбирларини лицензияга эга бўлмаган ҳолда фаолият юритаётган ҳамда лицензияси бор маҳаллий туроператорлар билан ҳамкорликда фуқароларни зиёратга юборишга ҳаракат қилаётган воситачилар ҳам афсуски учраб туради. Ушбу хизматларни кўрсатиш мақсадида ўз номларидан ноқонуний рекламалар жойлаштириб бормоқдалар.
Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан айнан туроператорларнинг реклама фаолияти юзасидан мурожаат келиб тушган.
Мурожаат тегишлилиги бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан ўрганиб чиқилди.
Ўрганишлар давомида бугунга қадар мазкур ҳудудда бундай хизматларни кўрсатиш билан боғлиқ туристик фаолиятни амалга ошириш бўйича лицензияга эга туроператорлар мавжуд эмаслиги, улар Тошкент шаҳри ва вилоят туркомпаниялари билан ҳамкорликда зиёратларни ташкил этишда иштирок этаётганлиги маълум бўлди.
Шунингдек, мурожаатда билдирилган “ISKANDER TOURS” ҳамда “OKS TOURS” МЧЖлар лицензияси мавжуд эмаслиги, шунга қарамай, ижтимоий тармоқларда “ Умра” хизматларини кўрсатишга қаратилган ноқонуний рекламалар жойлаштириб бораётганлиги аниқланган.
Ўзбекистон Республикаси “Реклама тўғрисида”ги Қонунининг 16-моддасига мувофиқ, ишлаб чиқарилиши ёки реализация қилиниши қонунда тақиқланган товарларни, шунингдек, ишлаб чиқарилиши ва ( ёки) реализация қилиниши учун тегишли сертификатлари ва лицензиялари, мажбурий сертификатлаштириш гувоҳномалари ёки махсус рухсатномалари мавжуд бўлмаган товарларни реклама қилишга йўл қўйилмайди деб белгиланган .
Юқоридагиларга кўра, Қўмита махсус комиссияси томонидан 2024 йил 1 февраль куни Вазирлар Маҳкамасининг 225 – сонли қарори билан тасдиқланган Низомга асосан “ISKANDER TOURS” ҳамда “OKS TOURS” МЧЖларига нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, тегишли тартибда жавобгарлик белгилаш юзасидан қарор қабул қилди. Шунингдек, Жамиятларга ушбу ҳолатни бартараф этиб,келгусида бундай ҳолатга йўл қўймаслик юзасидан бажарилиш лозим бўлган кўрсатмалар берилди.
Маълумот ўрнида. Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ўз ваколати доирасида ноқонуний рекламаларнинг олдини олиш мақсадида мунтазам равишда рекламалар назоратини олиб бормоқда.
Ҳурматли фуқаролар! “Умра” зиёратига боришдан аввал биринчи навбатда, хизмат кўрсатувчи корхонанинг лицензияси билан танишинг, сўнг рекламада берилган маълумотларга жиддий эътибор бериб, ишонч ҳосил қилинг. Ноқонуний рекламаларга дуч келиб, бу борада ҳуқуқларингиз бузилган тақдирда Рақобат қўмитасининг 1159 ишонч телефонига мурожаат қилинг.