Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига АЁҚШларида сотилаётган ёнилғиларнинг баъзилари стандарт талабларга мос эмаслиги оқибатида автомобиль двигателларининг носоз ҳолатга келаётгани ҳақида минглаб шикоятлар келиб тушмоқда, шунингдек, ушбу мавзу ижтимоий тармоқларда ҳам аҳоли ўртасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Рақобат қўмитаси ички истеъмол бозорида сифатсиз, истеъмолга яроқсиз бензин, дизель каби маҳсулотлар сотилишининг олдини олиш мақсадида ҳамкорликда мунтазам назорат тадбирларини ташкил этиб келмоқда.
Хусусан, Қўмита 2024 йилнинг январ-апрел ойлари давомида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспексияси “ЎЗЕНЕРГОИНСПЕКЦИЯ” билан ҳамкорликда мазкур ҳолат юзасидан республикамизнинг 50 га яқин автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида сотилаётган бензинларнинг сифатини ўрганиш учун назорат харидини ўтказди.
Лаборатория таҳлиллари хулосасига кўра, Аи-92 ва Аи-95 маркали сотилган сифатсиз бензинлар 15 та АЁҚШларга тегишли эканлиги маълум бўлди. Мисол тариқасида: Самарқанд вилоятининг 12 та хизмат кўрсатувчи шохобчалари “GULOBOD OIL SERVICE”, “RUSTAM GAZ OIL” va “AZAMAT GAZ SERVIS” HAMDA “JONIBEK MOBILE”, “SAMARQAND LADA”, “KUTFI BOBO”, “SAM MEGA PETROLEUM”, “ECO STANDART SERVICE”, “BOG‘IZAG‘ON ABDUGAFFOR”, “GULOBOD GAZ SERVIS”, “SHUXRAT”, “RAVOT GAZ SOY” каби ўнлаб МЧЖларни келтириб ўтиш мумкин.
Шунингдек, Фарғона вилоятининг “FERNOVAGAZ” МЧЖ, Сурхондарё вилоятининг “BEK BARAKA 777” ХК ва Наманган вилоятининг “XONABOD 2000” хизмат кўрсатувчи шохобчаларининг бензинлари ҳам сифатсиз эканлиги маълум бўлди.
Мазкур назорат харидлари натижасида юқорида номлари келтирилган хизмат кўрсатувчи шохобчалар томонидан истеъмолчиларга 201 млн сўмдан ортиқ зарар етказилганлиги аниқланди.
Юқоридагиларга кўра, Қўмитанинг ҳудудий органлари томонидан истеъмолчиларга етказилган зарарни қоплаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг тегишли моддаси талаби бузилиши ҳолатлари бўйича 15 та хўжалик юритувчи субъектга нисбатан ўрнатилган тартибда иш қўзғатилиб, бажарилиши лозим бўлган кўрсатмалар берилган.
Ушбу кўрсатмалар натижасида 2139 нафар истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари тикланиб, уларнинг фойдасига тегишли тартибда пул маблағлари қайта ҳисоб-китоб қилиб берилши таъминланган.
Қўмита томонидан белгиланган талабларга жавоб бермайдиган ва истеъмолга яроқсиз маҳсулотлар сотилиш ҳолатларини аниқлаш юзасидан назорат хариди тадбирлари белгиланган тартибда давом эттириш, аниқланган ҳолатлар бўйича истеъмолчиларни хабардор этиш ҳамда қонун бузилиши ҳолатларига белгиланган тартибда тегишли чоралар кўриш ишлари давом эттирилади.
Маълумот ўрнида. Рақобат қўмитаси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида 2024 йилнинг ўтган даврида ўтказган назорат тадбирларида 99 та озиқ-овқат маҳсулотлари, 49 та ёнилғи мойлаш материаллари ва бошқа 12 та маҳсулотлар, жами 160 номдаги маҳсулотлардан намуналар харид қилинди. Экспертиза натижаларига кўра, 26 номдаги (16,2 фоизида) маҳсулотлар амалдаги техник жиҳатдан тартибга солиш ҳужжатларига номувофиқлиги аниқланган ва белгиланган тартибда чоралар кўрилган.