Жорий йилнинг 2 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 21.10.2020 йилдаги «Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6084-сон Фармони ва бошқа давлат тилига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти, ташкилотларда давлат тилида иш юритиш, бу борада амалга оширилаётган чора-тадбирларга бағишланган семинар-тренинг ташкил қилинди.
Унда Монополияга қарши курашиш қўмитасининг биринчи ўринбосари Асадулла Уролович Қаюмов, Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази директори Иномжон Азимов, Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси директори Азизжон Иминов, Монополияга қарши курашиш қўмитасининг раис маслаҳатчиси Гўзал Қодирова, Қўмита ва Агентликнинг марказий аппарат ходимлари марказий студиядан, Қўмитанинг ҳудудий бошқарма ходимлари эса масофадан zoom платформаси орқали иштирок этишди. Тадбирда Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси томонидан нашр қилинган китоблар тақдимоти ҳам ўтказилди.
Савол-жавобларга бой тарзда ўтган ушбу семинарда ходимлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.
Тадбирнинг иккинчи қисмида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «2020 — 2025 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастурини тасдиқлаш тўғрисида» 2020 йил 14 декабрдаги 781-сон қарорига асосан Қўмита марказий аппаратида ўтказилган «Энг фаол китобхон» танловида фаол иштирок этган ходимлар тақдирланди.