Рақобат қўмитаси томонидан банк хизматлар бўйича фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатлар доимий равишда ўрганилиб, таҳлил қилиш ишлари олиб борилмоқда.
Жумладан,
Қорақалпоғистон Республикаси мисолида
Қанликўл туманида истиқомат қилувчи фуқаро Е.М. “АЛИФ НАСИЯ” иловаси орқали 5 000 000 сўмга телевизор сотиб олиш учун шартнома асосида кредит олганлигини, мазкур кредит маблағларини тўлаб бўлганлигига қарамасдан, фуқаро ҳужжатлари Мажбурий ижро бюросига юборилганлиги натижасида, бугунги кунда қарздорлик чиқаётганлиги ҳамда мурожаатчининг пластик картасидан 736 000 сўм пул маблағлари ундирилганидан норози бўлиб, амалий ёрдам беришни сўраб мурожаат қилади.
Андижон вилояти мисолида
Фуқаро Д.Я “Anor bank” АЖ томонидан 9 млн сўм пул маблағини кредит асосида расмийлаштирганлиги ва ушбу кредит маблағини қўшимча жарималари билан сўндириб, кредит бўйича қарздорлик йўқлиги ҳақида маълумот берилганлиги ва шунга қарамай пластик карта ҳисобидан пул маблағлари ечиб олинаётганлигидан норозилиги юзасидан ҳудудий бошқармага мурожаат қилган.
Сирдарё вилояти мисолида
Оқолтин туманида яшовчи Ҳ.Б “Ўзмиллийбанк” АЖ Сирдарё вилояти филиалидан кредит расмийлаштириб, мазкур кредитни тўлиқ сўндирганлигини маълум қилган. Бироқ, кредит қарздорлиги тўлиқ сўндирилганлигига қарамасдан пластик картасидан пул маблағлари ечиб олинаётганлигини таъкидлаб, асоссиз ечиб олинган 1 млн сўмдан ортиқ маблағларини қайтариб берилиши юзасидан ҳудудий бошқармага мурожаат қилган.
Юқоридагиларга кўра, Рақобат қўмитасининг ҳудудий бошқармалари томонидан хизмат кўрсатувчи ташкилотлар “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 4, 6, 13, 19 ва 21-моддаларига зид равишда иш тутган деб топилиб, истеъмолчиларнинг мурожаатлари асосида келтирилган тўловлар тўлиқ қайтариб берилиши таъминланди.
Шунингдек, хизмат кўрсатувчи ташкилотларга мавжуд тартиб-қоидалар ва унинг натижасида келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлари ҳақида тушунтиришлар берилди.