Рақобат қўмитасига “AVO Bank” АЖ (рақамли банк) кўрсатаётган хизматлари ҳақида нотўғри реклама тарқатаётганлиги юзасидан мурожаат келиб тушган.
✉️ Хусусан мурожаатда, банк сайтининг “AVO bonuslari” саҳифасидаги реклама ахборотларида “250 000 so‘m Har bir yangi mijozga”, “+250 000 so‘m Sizga va Avoning har bir yangi mijoziga”, “Hisobingizga 250 000 so‘m olish” ва “Kartaga 250 000 so‘m olish” каби маълумотлар кўрсатилганлиги, бироқ, банк томонидан ҳар бир янги мижозга 250 000 сўм пул берилмаслиги, мазкур пул кўринишидаги бонусларни олиш учун банк мижози маълум бир ҳаракатларни амалга ошириши лозимлиги, шунда ҳам мижозга 250 000 сўм пул маблағи нақд пул кўринишида тақдим этилмасдан банкнинг мобил иловаси орқали бонус баллари кўринишида тақдим этилиши маълум қилинган.
Ушбу ҳолат юзасидан олиб борилган ўрганиш ишлари натижасида “AVO Bank” АЖнинг расмий веб-сайтида “AVO Ўзбекистондаги энг қулай мобил банк” мазмунидаги реклама жойлаштирилганлиги, шунингдек, банк томонидан ҳар бир янги мижоз учун 1 бонус бали 1 сўмга тенг бўлган бонус баллари тақдим этилиши, мижознинг ўз хоҳишига кўра ушбу бонусларни пул маблағларига алмаштириши ёки банкнинг кўрсатган хизматлари учун тўлов сифатида ишлатиши мумкинлиги белгиланганлиги, шу сабабдан реклама ахборотларида “Har bir yangi mijoz uchun 250 000 so‘m oling”, “Har bir taklif qilingan shaxs uchun 50 000 so‘m”, “Hisob raqamiga 250 000 so‘m oling” мазмунидаги иборалардан фойдаланилганлиги, бироқ, “AVO Bank” АЖнинг ушбу пул маблағларини мижозларнинг ҳисоб-рақамларига тўғридан-тўғри ўтказиб бериш имкони мавжуд эмаслиги аниқланди.
Шу билан биргаликда, “AVO Bank” АЖ томонидан кўрсатилаётган хизматлар тўғрисида оммавий ахборот воситалари ва ташқи реклама воситаларида тарқатилган реклама ахборотлари қўшимча равишда ўрганилганда бир қатор камчиликлар аниқланди.
Жумладан, турли манбалар орқали эълон қилинган реклама ахборотларида “AVO Bank” АЖнинг “AVO Platinum” кредит картаси ҳақида жойлаштирилган маълумотларида “AVO platinum kredit kartasi – har qanday xarid uchun 0% stavka” hamda “AVO platinum kredit kartasi – 2 millionga xarid qilib, 2 million qaytarish” деган мазмундаги иборалар фойдаланилганлиги кузатилди.
Ваҳоланки, “AVO Bank” АЖнинг “AVO Platinum” кредит картаси маблағларидан фойдаланиш шартларига кўра, мижозларнинг ушбу кредит карталари орқали амалга оширган харид суммалари учун 45 кун давомида фоизлар ҳисобланмаслиги, харид амалга оширилган санадан 45 кун ўтгач ушбу пул маблағлари учун белгиланган тартибда кредит фоизлари ҳисобланиши маълум бўлди.
Юқоридагиларни инобатга олиб, Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги Қонунининг 16-моддаси биринчи қисми ва Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 6-моддаси биринчи қисми талаблари бузилиши аломатлари юзасидан “AVO Bank” АЖга нисбатан реклама ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилганлиги натижасида белгиланган тартибда молиявий жарима қўллаш юзасидан қарор қабул қилинди.