Расмий_муносабат
Ижтимоий тармоқлар орқали эълон қилинган “Қашқадарёда 3 кунлик фирма жами 2.601.000.000 сўмлик иссиқхоналар ўрнатишни ютиб олди” сарлавҳаси остидаги мақола юзасидан Монополияга қарши курашиш қўмитаси қуйидагиларни маълум қилади.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги Қашқадарё вилояти бошқармаси томонидан etender.uzex.uz махсус электрон порталидаги 12 та лот бўйича 12 та туманда жами 289 та 2601,0 млн. сўмлик енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш бўйича ўтказилган танлов натижалари юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилди.
Ўрганиш натижасида буюртмачи томонидан савдоларнинг қонунчиликда белгиланган тартибини бузиш ва савдоларнинг бир нечта иштирокчисига савдоларда қатнашиш учун имтиёзли шарт-шароитлар яратиб бериш орқали қонун бузилишларига йўл қўйилганлик аломатлари аниқланди.
Хусусан, “NXS CTROYBADMETALL” МЧЖва “TURNOVERPRICE” МЧЖ томонидан керакли хужжатлар (иссиқхона қуриш бўйича иш тажрибаси, қурилишда ишлатиладиган материаллар рўйхати) тақдим қилинмаган бўлсада уларга асоссиз юқори баллар берилганлиги маълум бўлди.
Бундан ташқари, буюртмачи томонидан ўтказилган танловларда харид комиссияси аъзоларининг камида учдан икки қисми ҳозир бўлмаган ҳолда қонунчиликка зид равишда қарор қабул қилинган.
Юқоридагиларга асосан, Монополияга қарши курашиш қўмитаси Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан 2022 йил 10 ноябрда иш қўзғатилиб, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги ва “Рақобат тўғрисида”ги Қонун талаблари бузилган деб топилди ва танлов савдоларининг қарорларини бекор қилиш ва қонунчиликда белгиланган тартибда қайта танлов ўтказиш бўйича кўрсатма берилган эди. Бугунги кунда қарорлар бекор қилинди ва қайта танлов ўтказилади.
Шу билан биргаликда, қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарлик чоралари кўрилаётганлиги маълум қилинади.