Ижтимоий тармоқларда Қўқон давлат университетининг Андижон вилояти филиалига тегишли реклама лавҳаси жойлаштирилганлиги жамоатчилик ўртасида муҳокамаларга сабаб бўлди.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси мазкур ҳолатни ўрганди.
Ўрганишларда 2025 йилнинг 17 август куни Ўзбекистон Республикаси маданият вазири О.Назарбеков Қўқон давлат университетининг Андижон филиали талаба-ёшлари ва ушбу вилоятда истиқомат қилувчи 150дан ортиқ ёшлар билан учрашув ўтказган. Учрашувдан сўнг, талабаларнинг таклифига биноан вазир ёшларни хабардор қилиш мақсадида ушбу имкониятдан фойдаланиб илм олишларини тавсия этган видеоролик суратга олингани маълум бўлди.
Асосийси, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ёки вазир билан Қўқон университети ўртасида реклама хизматлари бўйича расмий шартномалар тузилмаган. Вазирнинг бу чиқиши илмий ва ижтимоий фойдали ахборот беришга қаратилган бўлиб, ундан даромад олиш мақсад қилинмаган.
Қўмита томонидан аниқланган камчиликлар юзасидан Қўқон университетининг Андижон филиали масъул ходимларига расмий огоҳлантириш берилди ва тушунтириш ишлари олиб борилди. Натижада мазкур реклама материаллари таълим муассасасининг расмий веб-сайтидан олиб ташланиши таъминланди.