Расмий муносабат
Ижтимоий тармоқ орқали “Арк булоқ” савдо комплекси ва Тошкент шаҳрининг кўчаларида ҳамда “Абу Сахий” савдо комплекси ҳудудларида жойлашган савдо дўконлари, ошхона ва офис номлари хитой тилида ёзилган ва ва безатилган...” мавзуида танқидий видеолавҳалар эълон қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси мазкур мурожаат юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.
“Давлат тили ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 20-моддасига асосан, лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот матнлари давлат тилида расмийлаштирилиши ва эълон қилиниши белгиланган.
Рақобат қўмитаси ўз ваколатлари доирасида рекламани тайёрлаш, жойлаштириш ва тарқатиш соҳасидаги муносабатларда рекламанинг мазмуни ва матнини реклама тўғрисидаги қонунчилик талабларига мослиги устидан назоратни амалга оширади.
Бунда, реклама хусусиятидаги маълумотларни ўз ичига олмаган пешлавҳалар ва кўрсаткичлар, ташқи ёзувлар ва бошқа эълонларга нисбатан реклама тўғрисидаги қонун талаблари татбиқ қилинмайди.
Бу каби воситалардаги ахборот матнларининг давлат тили қоидаларига мослиги юзасидан чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича вазифалар ҳокимларнинг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчилари томонидан амалга оширилиши белгиланган.
Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2020-йил 20-январдаги 34-сон қарори билан ҳокимларнинг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиларига ҳудудлардаги барча ташқи ёзувлар, шу жумладан лавҳалар, эълонлар, реклама ва кўргазмали бошқа ахборот матнларининг давлат тили ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлишини таъминлашда иштирок этиш вазифаси юклатилган.
Реклама хусусиятидаги маълумотларни ўз ичига олмаган пешлавҳалар ва кўрсаткичлар, ташқи ёзувлар ва бошқа эълонларга нисбатан реклама тўғрисидаги қонун талаблари тадбиқ қилинмайди.
Қонунга кўра, рўйхатга олинган товар белгилари (хизмат кўрсатиш белгилари, логотиплари) асли қайси тилда бўлса, шу тилда (шаклда) жойлаштирилиши мумкин.
Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда жамоатчилик эътиборига тушган ахборотларга маҳаллий ҳокимлар ва бошқа ташкилотлар томонидан тегишли таъсир чоралари кўрилмоқда.
Хусусан, маҳаллий ҳокимият органлари томонидан “Арк булоқ” савдо комплекси ҳудудида хитой тилида ёзилган пешлавҳа ва ташқи ахборотларни бартараф этиш (демонтаж қилиш) ишлари бошлаб юборилган (фото суратлар илова қилинади).
Бундан ташқари, Тошкент шаҳар, Миробод кўчасида жойлашган 9-қаватли уйнинг биринчи қаватида фаолият юритувчи хитойлик тадбиркорларга реклама тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талаблари ҳақида тушунтиришлар берилди ҳамда ташқи реклама-ахборотини давлат тилида тақдим этилиши юзасидан мурожаат қилиниб, камчиликлар ихтиёрий равишда бартараф этилган.
Шу ўринда, жорий йилнинг 1 март куни ижтимоий тармоқларда, жумладан https://t.me/Tashkent_Land телеграм каналида Хитойлик тадбиркорлар томонидан Ўзбекистонда давлат тилининг устуворлиги, қонунийликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани ижобий баҳоланган ҳамда Хитой тилида ёзилган пешлавҳаларни ихтиёрий равишда олиб ташлаш орқали ўзларининг шахсий мисолларида буни кўрсатганлар (https://t.me/Tashkent_Land/50648, https://surl.li/kofcpp).
Маълумот учун: Қўмита томонидан республика ҳудудларида ташқи ёзувлар, хусусан, пешлавҳа, реклама ва бошқа эълонлар, ахборот матнларининг давлат тили ва реклама тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқлиги юзасидан доимий равишда ўрганишлар ўтказилиб келинмоқда, жумладан 2025 йилнинг январ-феврал ойларида 5 818 та (2024 йилда 41 443 та) мониторинглар ўтказилди.
Шундан, 580 (10 фоиз) та (2024 йилда 13 262 та 32%) ташқи ёзувлар, хусусан, пешлавҳа, реклама ва бошқа эълонлар, ахборот матнларининг давлат тили қоидаларига мувофиқ эмаслиги аниқланди.
Бунда, 232 (40 фоиз) та пешлавҳа (2024 йилда 6 496 та 48,98%), 138 (23,8 фоиз) та ташқи ёзувлар (2024 йилда 2 221 та 16,75%), 210 (36, 2 фоиз) та ташқи реклама-ахборотларининг матни бошқа тилларда ҳамда имловий ва луғавий хатолар билан жойлаштирилганлиги аниқланган (2024 йилда 3 501 та 26,4%) ҳамда камчиликларни тезкор бартараф этиш чоралари кўрилган.
Ўз навбатида, Қўмита ҳамда ҳамда бошқа вазирлик ва идоралар билан биргаликда республика ҳудудларида ташқи ёзувлар, хусусан, пешлавҳа, реклама ва бошқа эълонлар, ахборот матнларининг давлат тили ва реклама тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқлиги юзасидан ўрганиш (мониторинг)лар ва профилактика тадбирлари давом эттирилади.