Рақобат сиёсати ва истеъмолчилар ҳуқуқлари тадқиқотлар марказида Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг “Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан 2024 йилда амалга оширилган ишлар” мавзуида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Рақобат қўмитаси раис ўринбосари Фаррух Карабаев томонидан ҳисобот берилди.
Жумладан, Қонунчилик ҳужжатлари билан берилган ваколатлар, функция ва вазифаларидан келиб чиқиб, 2024 йилда Рақобат қўмитаси томонидан қуйидаги ишлар амалга оширилди:
Қўмита марказий аппарати томонидан 138 та товар ва хизматлар бозорлари таҳлил қилинди. Шундан, 22 та бозорлар тўлиқ таҳлил, 40 та товар ва иш хизматларнинг бозорларда муқобиллари мавжуд ёки мавжуд эмаслиги юзасидан ва маҳсулот билан тўйинганлиги бўйича 76 та экспресс таҳлиллар ўтказилди.
Таҳлил натижаларида “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг
13-моддасига асосан, 11 та корхона 10 та товар ва хизматлар устун мавқега эга деб эътироф этилди ҳамда 7 та корхона 7 та товар ва хизматлар бўйича устун мавқеини йўқотганлиги эътироф этилди.
Мисол учун:
“Indorama Kokand fertilizers and chemicals” ва “Farg‘onaazot” АЖлар шахслар гуруҳи сифатида суперфосфат бўйича устун мавқега эга деб эътироф этилди.
“Uzbekistan airways” АЖ ва “Uzbekistan Helicopters” МЧЖлар шахслар гуруҳи сифатида маҳаллий йўналишларда ҳаво транспортида йўловчи ташиш хизмати ва “Uzbekistan airways” АЖ халқаро йўналишларда ҳаво транспортида йўловчи ташиш хизмати бўйича устун мавқега эга деб эътироф этилди.
Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан project.gov.uz портали орқали Қўмитага келиб тушган 1 026 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг (ex-ante усулида) рақобат муҳитига таъсири юзасидан хулосалар тайёрланди, шундан 449 та
(44 %) ҳолатда қонунчилик талабларига зид нормалар мавжуд эканлиги аниқланди.
Жумладан, 2024 йил давомида 261 та Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори ва Фармони лойиҳалари Қўмитага келиб тушган бўлса, шулардан 140 тасида (54 %), 576 та Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси Қўмитага келиб тушган бўлса, шулардан 247 тасида (43 %) амалдаги қонунчилик ҳужжатлари ҳамда рақобат қонунчилик ҳужжатлари талабларига зид нормалар мавжудлиги юзасидан тегишли хулосалар берилди.
III. Биржа савдолари орқали жами 121 трлн сўмлик маҳсулотлар реализация қилинган бўлиб, бунда 114 трлн сўм ички савдо, 2,5 трлн экспорт ва 4,5 трлн сўм импорт ҳиссасига тўғри келган.
Бундан ташқари, 165 та ҳолатда биржа савдоларига оид қонунчилик талаблари бузилганлиги бўйича 155 та хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан иш қўзғатилди ва тегишли чоралар кўрилди.
Шунингдек, Қўмита товар-хом ашё биржалар фаолиятини лицензияловчи орган этиб белгиланган бўлиб, 2024 йилда “Тошкент товар хом-ашё биржаси” АЖга товар-хом ашё биржаси фаолияти учун лицензия тақдим этилди.
IЎзбекистон Республикаси “Рақобат тўғрисида”ги Қонуни ва Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 29 декабрдаги 722-сон қарори билан тасдиқланган Низом талабларига риоя этилиши юзасидан субъектлар кесимида жорий йилнинг ўтган даврида ўрганишлар ўтказилган ва истеъмолчилардан жами 381,6 млрд сўмдан ортиқ асоссиз даромад олинганлиги аниқланган.
Ҳисобот даврида Рақобат қонунчилиги талаблари 800дан ортиқ ҳолатда бузилиши аниқланиб, белгиланган тартибда 400 дан ортиқ хўжалик юритувчи субъектларга иш қўзғатилиб 49,4 млрд сўм 1 млндан ортиқ истеъмолчиларга қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланган.
Табиий монополия субъектлари томонидан тадбиркорлик субъектлари ва аҳолидан асоссиз олинган жами 10 033,6 млн сўм (табиий газ – 4 273,2 млн сўм, электр энергияси – 4 534,5 млн сўм, ичимлик сув ва иссиқлик таъминоти – 933,4 млн сўм, бошқа хизматлар – 292,4 млн сўм) маблағлар қайтарилишига эришилди.
Мисол учун, Жиззах вилоятида фаолият кўрсатувчи “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖнинг Жанубий кон бошқармаси ва “Чароғон Юлдузи” МЧЖлар мурожаат қилиб, “Hududgazta’minot” АЖ ва унинг “Hududgaz Jizzax” газ таъминоти филиали томонидан асоссиз қарздорлик ҳисобланганлигидан норозилигини билдириб, мазкур масалаларни белгиланган тартибда ҳал этилишида амалий ёрдам кўрсатишни сўраган.
Мазкур мурожаатлар юзасидан Қўмита, “Hududgazta’minot” АЖ ҳамда Қўмитанинг Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан амалга оширилган ўрганишлар натижасида мазкур тадбиркорлик субъектларига нисбатан асоссиз ҳисобланган 3,66 млрд сўм қарздорлик “Hududgazta’minot” АЖ томонидан “Hududgazta’minot korporativ tizimi” электрон дастурида таҳрирлаш йўли орқали чиқарилиши таъминланиб, тадбиркорларнинг ҳуқуқий манфаатлари ҳимоя қилинишига эришилди.
Давлат буюртмачилари томонидан ўтказилган жами бошланғич қиймати 28,2 трлн. сўм бўлган 25 867 та давлат харидлари бўйича ўтказилган таҳлиллар натижасида буюртмачилар томонидан 16 493 та (63,8 %) савдолар жараёнида 21 574 та рақобатга зид ҳаракатлар аниқланди.
Аниқланган жами 16 493 та ҳолатдан 10 530 та ҳолат бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилган, 5 963 та харидлар Қўмита ва ҳудудий органлари томонидан ўрганилиб, ваколат доирасида 1 133 та иш қўзғатилган, 1 029 та мансабдор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилган, 501 та харидлар бўйича камчиликлар буюртмачилар томонидан ихтиёрий бартараф этилишига эришилган.
Мисол учун:
Давлат кадастрлари палатасининг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан etender.uzex.uz сайтида “144-дона компьютерларни сотиб олиш” учун жами қиймати
3,6 млрд.сўмлик тендер савдоси ўтказилган.
Харид комиссияси томонидан тендер иштирокчиларининг малака ва техник таклифлари холисона баҳоланмаганлиги натижасида “Рақобат тўғрисида”ги Қонунининг 29-моддасида белгиланган талаблари бузилганлиги аниқланди.
Тендер савдолари натижасида қабул қилинган қарор ва шартнома Қўмитанинг кўрсатмасига асосан буюртмачи томонидан бекор қилиш бўйича кўрсатма берилган.
VII. Инсофсиз рақобат ҳолатлари бўйича келиб тушган жами 234 та мурожаат кўриб чиқилган. Мурожаатлар ўрганилиши натижасида 49 та мурожаат бўйича иш қўзғатилган, 15 та мурожаат бўйича иш қўзғатиш рад этилган, 156 та мурожаат буйича тушунтириш хатлари юборилган, 5 та мурожаат бўйича апелляция тартибидаги шикоят аризаси, 9 та мурожаат бўйича кўриб чиқиш давом этмоқда.
Мисол учун:
Қўмита “CANDY MIX GOLD” МЧЖнинг Россия давлатининг “Кондитерские изделие Жако” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарган “ЖАКО” номли қандолат маҳсулотларини 2019 йилдан буён Ўзбекистон Республикасига етказиб бериш билан шуғулланиши, бироқ 2021 ва 2022-йилларда “REACH IMPEX” МЧЖ ва “JAKO CANDY” МЧЖ номига “ЖАКО” товар белгилари МГУ43387 ва МГУ44288 гувоҳномалар билан рўйхатга олинганлиги, натижада бугунги кунда “REACH IMPEX” МЧЖ томонидан “CANDY MIX GOLD” МЧЖга “ЖАКО” номли қандолат маҳсулотларини олиб кирилишига тўсқинлик бўлаётганлиги тўғрисида маълум қилиб, мазкур товар белгиларини рўйхатга олинишини инсофсиз рақобат деб топишни сўраган.
Ўрганиш натижаларига кўра, “JAKO CANDY” МЧЖ ва “REACH IMPEX” МЧЖ “Жако” товар белгиларини рўйхатдан ўтказишда Ўзбекистон Республикаси “Рақобат тўғрисида”ги Қонуни талабларини бузган деб топилган ва тегишли кўрсатмалар берилган.
VIII. Ўтган даврда Истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари бўйича жами 30 070 та мурожаатлар келиб тушган.
Мурожаатларнинг 12 906 таси (42,9 фоиз) уй-жой коммунал, транспорт хизматлари, 9 931 таси (33 фоиз) савдо ва умумий овқатланиш, 6 295 таси (20,9 фоиз) алоқа, молия ва ижтимоий хизматлар ҳамда 938 таси (3,2 фоиз) реклама муносабатлари масалаларига тўғри келади.
Мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича ўтказилган ўрганишларда
23 945 нафар истеъмолчининг ҳуқуқлари бузилганлиги аниқланган ва истеъмолчилар фойдасига 32,9 млрд. сўм миқдоридаги маблағ қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланган.
Шу билан бирга савдо соҳасида истеъмолчиларга 426 та ҳолатда 3,08 млрд. сўмдан ортиқ миқдоридаги маҳсулотлар алмаштириб ёки қайтариб берилган.
Истеъмолчиларнинг номуайян доираси ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида 10 га яқин йўналишда 324 та тизимли ўрганишлар ўтказилган ва истеъмолчилардан жами 143,1 млрд сўм миқдорида ортиқча ҳақ олинганлиги аниқланган.
Мисол учун: 1. Маиший чиқинди ташиш хизматлари, 2. Табиий газни етказиб бериш хизматлари, 3. Истеъмолчиларга сув оқава хизмати кўрсатиш, 4. Темир йўл хизматларини кўрсатиш, 5. Суғурта хизматларини кўрсатиш, 6. Алоқа хизматларини кўрсатиш, 7. “HUMO AIR” авиакомпанияси томонидан истеъмолчиларга кўрсатилган хизматлар. 8. Пуллик тиббий хизмат кўрсатувчи корхоналар томонидан истеъмолчиларга кўрсатилаётган хизматлар ва шу каби бошқа соҳалар ўрганилган.
Товарлар (ишлар, хизматлар) хавфсизлиги ва уларнинг сифатини назорат қилиш мақсадида, тасдиқланган режа-график асосида мунтазам равишда чакана савдода товарлар назорат харидини ва уларни экспертизадан ўтказиш ишлари йўлга қўйилган.
Хусусан, жами 560 номдаги маҳсулотларнинг назорат хариди амалга оширилиб (“Сифат назорати” телекўрсатуви билан ҳамкорликда), уларнинг экспертизадан ўтказиш натижаларига кўра, 111 номдаги маҳсулотлар норматив-техник ҳужжатлар талабларига жавоб бермаслиги аниқланган.
Рекламаларни жойлаштирилиши ва тарқатилиши бўйича жами
37 мингдан ортиқ , жумладан телевидениеда 563та, радио 367 та, ташқи реклама воситаларидаги 29,5 мингдан ортиқ, босма нашрларда 305 та, интернет ва ижтимоий тармоқларда 6,5 мингдан ортиқ ўрганишлар ўтказилди.
Ўрганиш (мониторинг)лар натижасида 14 мингдан ортиқ ҳолатда турли камчиликлар аниқланиб, уларни тезкор бартараф этиш чоралари кўрилди.
Рекламага оид ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича 112 та субъектга нисбатан 2,7 млрд. сўм миқдорда молиявий жарималар қўлланилган.
Реклама берувчилар томонидан тақдим этилган реклама эскизларини амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлиги юзасидан 3 809 та экспертиза ва таҳлиллар ўтказилиб, уларнинг 543 таси (14 фоиз) бўйича реклама тўғрисидаги қонунчилик талабларига номувофиқлиги ҳақида хулосалар берилган.
Бундан ташқари, ташқи рекламаларнинг давлат тили қоидаларига мослигини ўрганиш юзасидан жами 41 443 та мониторинглар ўтказилди. Шундан, 13 262 та (32 фоиз) ташқи ёзувлар, хусусан, пешлавҳа, реклама ва бошқа эълонлар, ахборот матнларининг давлат тили қоидаларига мувофиқ эмаслиги аниқланган.
“Рақобат тўғрисида”ги Қонун бузилиш ҳолатларини олдини олиш мақсадида 2024 йилда 63та, шу кунга қадар эса жами 261та, шундан, 70 та табиий монополия субъектларида, 75 та товар ёки молия бозорида устун мавқега эга бўлган хўжалик юритувчи субъектларда, 35 та маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида, 32 та республика ижро этувчи ҳокимият органларида ҳамда 49 та давлат иштирокидаги корхоналар монополияга қарши комплаенс тизими тўлиқ жорий этилди.
Шу билан бир қаторда, Қўмита фаолиятини янада самарали давом этириш, олдимизга қўйилган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли ижросини таъминлаш мақсадида 2024 йилда Қўмита томонидан 23 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилган. Шундан, 5 та Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш лойиҳаси, 4 та Президент қарор ва фармонлари лойиҳаси, 11 та Вазирлар Маҳкамаси қарори, 2 та Қўмита қарор лойиҳаси ҳамда 1 та идоравий буйруқ лойиҳаси тайёрланган.