Рақобат қўмитасининг аралашуви билан қурилиш шартномаси бўйича фуқароларга қайтариб берилмаётган тўлов суммалари тўлиқ қайтарилиши таъминланди
Рақобат қўмитасига фуқаролар П.М. ва М.Ф. томонидан йўлланган мурожаатда сўнгги йилларда тез-тез учраётган муаммолардан бири — қурилиш соҳасидаги шартномалар бажарилмаслиги масаласи кўтарилган.
Мурожаатда, фуқаролар “GRAND COMFORT BUILDING” МЧЖ билан 2023 йилда “RABAD” савдо маркази қурилишида иштирок этиш мақсадида шартнома имзолаган. Шартнома шартларига кўра, мазкур савдо маркази 2025 йил февраль ойида фойдаланишга топширилиши лозим бўлган. Бироқ, қурилиш ишлари тўхтаб қолгани, белгиланган муддатда объект топширилмаслиги аниқ бўлган.
Фуқаролар 2025 йил август ойида, имзоланган шартномани бекор қилиш мақсадида тегишли тартибда ариза билан мурожаат қилган бўлса-да, бугунги кунга қадар тўланган пул маблағлари қайтарилмаган. Бу ҳолат эса фуқароларнинг ҳақли норозилигига сабаб бўлиб, ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва масалани қонун доирасида ҳал этиш юзасидан Рақобат қўмитасидан амалий ёрдам сўраб мурожаат қилишган.
Маълумот ўрнида, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 19-моддасига асосан, Ижрочи айрим турдаги ишларни бажариш (хизматлар кўрсатиш) қоидаларида ёки шартномада белгиланган муддатда, ҳажмда ва сифатда ишни бажариши (хизмат кўрсатиши) шартлиги қайд этилган.
Мазкур мурожаат Қўмитанинг Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан кўриб чиқилди. Натижада, “GRAND COMFORT BUILDING” МЧЖ томонидан истеъмолчиларнинг ҳар бирига 133 602 000 сўмдан, жами 267 204 000 сўм маблағ қайтариб берилиши таъминланиб, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари таъминланди.
Рақобат қўмитаси томонидан бу борада ишлар давом эттирилмоқда: ушбу соҳадаги ўрганишлар фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қурилиш соҳасида қонунбузарликларни олдини олиш, шартномаларнинг бажарилишини таъминлаш ҳамда келгусида шундай ҳолатларнинг такрорланишини олдини олишга қаратилган.








