Мурожаатлар ҳудудлар кесимида
Қорақалпоғистон Республикаси
Қўмита томонидан Нукус шаҳрида ичимлик суви сифати юзасидан ўтказилган ўрганиш давомида 1 478 нафар жисмоний ва 3 та юридик шахсга етказиб берилган ичимлик суви таркибида умумий қаттиқлик даражаси белгиланган санитария-гигиеник меъёрлардан ошгани ва ушбу сув учун жами 2,8 млн сўмдан ортиқ маблағ ундирилгани аниқланди.
Ҳолат юзасидан, “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 225-сонли қарори талабларини бузган “Қорақалпоқ сув таъминоти” АЖга нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўрилди ва истеъмолчилар фойдасига 2,8 млн сўмдан ортиқ маблағларни ихтиёрий равишда қайта ҳисоб-китоб қилиш бўйича кўрсатма берилди.
Жиззах вилояти
Ҳудудий бошқарма томонидан “Жиззах Сув таъминоти” АЖнинг Ш.Рашидов туман филиали фаолияти — хусусан, аҳолига етказиб берилаётган ичимлик сувининг сифати ва белгиланган стандартларга мувофиқлиги юзасидан ўрганиш ишлари амалга оширилди.
Текширув натижасида 2025 йил 18–19 март кунлари «Наргиза» ва «Халқобод» сув тўплаш иншоотларидан жами 16 546 м³ ҳажмдаги ичимлик суви истеъмолга яроқсиз ҳолда тарқатилгани ва бу орқали 6 086 нафар истеъмолчидан жами 74,1 млн сўм миқдорида маблағ ундирилгани аниқланди.
Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 194-сонли қарори талабларига зид равишда содир этилган ушбу ҳолат юзасидан “Жиззах Сув таъминоти” АЖга нисбатан иш қўзғатилди.
Натижада, ортиқча ундирилган 74,1 млн сўм миқдоридаги маблағларни истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилиш ва келгусида бундай қонунбузилишларга йўл қўймаслик бўйича кўрсатма берилди.
Сирдарё вилояти
Ҳудудий бошқарма томонидан Боёвут туманида ичимлик суви сифати юзасидан ўтказилган ўрганиш давомида 8 та МФЙда истиқомат қилаётган истеъмолчиларга сифатсиз ичимлик суви етказиб берилгани ва бунда истеъмолчилардан жами 8,3 млн сўмдан ортиқ маблағ ундирилгани аниқланди.
Ҳолат юзасидан “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун талабларини бузган “Сирдарё сув таъминоти” АЖга нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилди ҳамда ортиқча ундирилган 8.3 млн сўмдан ортиқ маблағлар истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланди.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунига асосан истеъмолчи, сифатли ва ишончли товар ҳамда хизмат олиш, тўлиқ маълумотга эга бўлиш, зарур ҳолларда шартномани бекор қилиш ва етказилган моддий ёки маънавий зарар учун компенсация талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 21-моддасига асосан сотувчи (ижрочи) истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча товарлар сотиб олишга ёки қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташга, шунингдек кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмас.