Рақобат қўмитаси савдо, коммунал хизматлар ва ижтимоий соҳаларда истеъмолчиларнинг мурожаатларини ижобий ҳал этмоқда.
Мурожаатлар ечими ҳудудлар кесимида
Қашқадарё вилояти
Ҳудудий бошқармага Яккабоғ тумани фуқароси Ў.Ш. сотиб олинган музлаткичи носоз чиққанидан мурожаат қилган. Масала истеъмолчи иштирокида ўрганилиб, товар бир неча бор таъмирланганига қарамай, қайта-қайта ишдан чиққанлиги аниқланди. Натижада, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 13-моддасига мувофиқ, дўкон томонидан истеъмолчига янги сифатли музлаткичга алмаштириб берилиши таъминланди.
Навоий вилояти
Ҳудудий бошқарма Нурота туманида яшовчи фуқаро Б.А. “Uzum nasiya” иловаси орқали бўлиб тўлаш имконияти билан харид қилган кондиционери ишламагани бўйича қилган мурожаатини ўрганиб чиқди.
Натижада, “SHAFFOF MOLIYA” МЧЖ билан тузилган шартнома бекор қилинди ва Б.А.га тўланган бошланғич тўлов қайтарилиши таъминланди.
Наманган вилояти
Ҳудудий бошқарма Поп туманида яшовчи Г.Р. Халқ банкидан 18 фоизли кредит асосида “Sherzod Trend” ХФдан тикув машинаси олиш учун шартнома тузгани, бироқ таъминотчи мазкур тикув машинасини турли сабаблар билан етказиб бермаётгани юзасидан юборган мурожаатини ўрганиб чиқди.
Натижада, “Sherzod Trend” ХФ томонидан фуқарога тикув машинаси етказиб бериши таъминланди.
Жиззах вилояти
Ҳудудий бошқарма Пахтакор туманида истиқомат қилувчи Б.С. “Бадавлат аёл” лойиҳаси доирасида «Uzum nasiya» платформаси орқали тузилган шартномани психологик тренинг кутилганидек бўлмаганлиги сабабли бекор қилиш учун мурожаат қилди. Ўрганиш натижасида 1 176 000 сўмлик шартнома бекор қилиниши таъминланди.
Фарғона вилояти
Ҳудудий бошқармага Риштон туманида истиқомат қилувчи Қ.М. чиқинди ташиш хизматидан 1 080 000 сўм қарз қўшиб ҳисоблангани ҳақида мурожаат қилди. Ўрганиш натижасида «Агро Риштон таъмир сервис» МЧЖ томонидан қилинган қайта ҳисоб-китоблар орқали фуқарога ҳисобланган 923 320 сўм асоссиз қарздорлик олиб ташланиши таъминланди.
Андижон вилояти
Ҳудудий бошқарма Андижон туманида истиқомат қилувчи Н.Т. «Iman halol investments“ МЧЖ фаолиятидан норозилигини билдирган мурожаатини ўрганиб чиқди.
Ўрганишлар натижасида тизим носозлигидаги камчиликлар бартараф этилди ҳамда 1 900 000 сўм кредит пули истеъмолчининг кредит ҳисобига қайтарилиши таъминланди.