Бугунги кунда мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён — Конституциявий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонун лойиҳаси парламент қуйи палатасида биринчи ўқишда қабул қилиниб, 25 июндан бошлаб умумхалқ муҳокамаси учун эълон қилинди. Айни кунларда мазкур Конституциявий қонун лойиҳаси барча идора ва ташкилотларда, кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиниб, таклифлар берилмоқда.
Бугун Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасида ташкил этилган тадбир ҳам айни шу мақсадга қаратилди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси вакили Т.Ш.Эшназаров, Қўмита раиси Ш.Шарахметов, раис ўринбосарлари, бошқарма бошлиқлари, ҳудудий бошқармалар ва ходимлари, Қўмита хузуридаги Истеъмолчилар хуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ходимлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирни Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси Ш.Шарахметов кириш сўзи билан очар экан, Конституциявий ислоҳотларнинг аҳамияти, кўзда тутилаётган янгилик ва ўзгаришлар юзасидан тўхталиб ўтди.