Бугунги кунда озиқ овқат маҳсулотларининг сифати, нархи, хавфсизлиги энг долзарб масалалардан бири ҳисобланади.
Бу бўйича ўтказилаётган ўрганишлар ва мурожаатлар билан ишлаш жараёнларида савдо марказларида маҳсулот қадоғида яроқлилик муддатлари ва маълумотлари кўрсатилмаган, маҳсулот сифати паст ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигига жавоб бермаётганлиги аниқланмоқда.
Жумладан,
Бухоро вилояти мисолида
Бухоро вилояти ҳудудий бошқармасига келиб тушган фуқаро мурожаатида “NUROVA SANOVAR” хусусий корхонасига қарашли савдо дўкондан харид қилинган “OREO” печеньесининг яроқлилик муддати тугаганлиги сабабли ушбу ҳолат юзасидан тегишли чора-тадбирларни амалга оширишда амалий ёрдам сўраган.
Бошқарма томонидан ўтказилган ўрганиш натижасида “NUROVA SANOVAR” хусусий корхонаси томонидан “OREO” печеньесининг яроқлилик муддати ўтган бўлса-да сотилганлиги сабабли, Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 11-моддасига асосан, хусусий корхонага нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилди.
Наманган вилояти мисолида
Наманган вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан истеъмолчилардан келиб тушган мурожаатлар асосида ўтказилган ўрганишда савдо дўконларида жами 110 турдаги 338 дона яроқлилик муддати ўтган ва ишлаб чиқарилган санаси кўрсатилмаган озиқ-овқат маҳсулотлари аниқланиб, тегишли тартибда Ўзбекистон Республикаси “Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонуннинг 17-моддаси талаблари асосида ваколатли органга йўқ қилиш учун юборилди.
Шу билан бирга ваколатли органнинг тегишли хулосасига асосан савдо дўконлари раҳбарларига маъмурий баённомалар тузилиб суд органларига юборилди.
Самарқанд вилояти мисолида
Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан аҳолини сифатли озиқ-овқат билан таъминлаш йўналишида бир қанча мурожаатларга асосан ушбу соҳада фаолият олиб бораётган хўжалик юритувчи субъектлар ўрганилди.
Натижада, 10 га яқин савдо дўконларида тегишли камчиликлар аниқланиб, ҳамкор ташкилот вакиллари билан биргаликда тушунтиришлар ва огоҳлантиришлар берилди.
Бундан ташқари, фуқаро мурожаатига асосан «RASHIDOV SHERALI ABDUXAMIDOVICH» ЯТТ тегишли савдо дўконларида мавжуд 15 турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг яроқлилик муддати ўтганлиги аниқланиб, тегишли тартибда таъсир чоралари кўрилди.