Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармасида Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 33 йиллиги муносабати билан «ҚАДРИНГ БАЛАНД БЎЛСИН, ОНА ТИЛИМ!» мавзусидаги тилшунос олимлар ва ёзувчилар билан учрашув ҳамда семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаменти масъул ходими Р.Турсунов, Давлат тилида иш юритиш ва малака ошириш маркази директори И.Азимов, Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси директори А.Эминовлар иштирок этишди.
Тадбирда сўзга чиққанлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 21.10.2020 йилдаги «Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6084-сон Фармони ва бошқа давлат тилига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти, ташкилотларда давлат тилида иш юритиш, бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳақида айтиб ўтишди.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси масъул ходими А.Холмирзаев «Реклама тўғрисида»ги янги таҳрирдаги қонунга киритилган ўзгариш ва қўшимчалар, хусусан Реклама матнининг давлат тилида бериш қатъий белгиланганлиги, «Реклама тўғрисида» ва «Давлат тили тўғрисида»ги қонун ҳужжатларига номувофиқ ўрнатилган ташқи ёзувларни бартараф этиш борасида Қўмита томонидан амалга оширилаётган фаолияти ҳақида маълумот берди.
Тадбирнинг иккинчи қисмида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «2020 — 2025 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастурини тасдиқлаш тўғрисида» 2020 йил 14 декабрдаги 781-сон қарорига асосан ҳудудий бошқармада ўтказилган «Энг фаол китобхон» танловида фаол иштирок этган ходимлар тақдирланди.