Президент Шавкат Мирзиёев пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги Ҳабиб Абдуллаев маҳалласида бўлди.
Бу маҳаллада 4 минг 400 нафардан зиёд аҳоли яшайди. Ҳудудда элликка яқин савдо дўконлари ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, таълим ташкилотлари фаолият юритмоқда. 38 та кўп қаватли уй ва тўртта ижтимоий объектга “Маданиятли ҳудуд” бошқарув сервис компанияси хизмат кўрсатади.
Аҳолининг мазмунли ҳордиқ чиқариши учун барча шароитлар яратилган. Жорий йилда оталар чойхонаси, амфитеатр, “Wi-Fi” ҳудуд барпо этилди, ички йўллар ва болалар майдончалари таъмирланди.
Масъулларнинг эътибори, аҳолининг ҳамжиҳатлиги сабаб ҳудуднинг манзараси тубдан ўзгарди. “Яшил макон” лойиҳаси доирасида шу кузда 2 минг тупдан ортиқ манзарали ва мевали кўчатлар экилди. Иккита артизан қудуқ қазилиб, яшил майдонларни суғориш тизими яратилди.
Давлатимиз раҳбари шу ерда туман фаоллари, нуронийлар билан суҳбатлашди. Улар ўз маҳаллалари обод бўлгани, энергия тармоқлари таъмирланиб, қишга пухта тайёргарлик кўрилганини айтишди.
Президент энергияни тежаш, хонадонлардаги иссиқликни асраш, ҳар бир инсонда бунга дахлдорликни шакллантириш зарурлигини таъкидлади.
– Дунёдаги иқлим ўзгаришлари биздан узоқда, деб бўлмайди. Ўтган йилги совуқ буни кўрсатди. Энди иқлим ўзгаришини инобатга олиб, дунёқарашимизни ҳам ўзгартиришимиз керак. Ҳар бир фуқаро «бу менинг уйим, менинг маҳаллам, менинг туманим, менинг Ватаним» деб яшаса, натижа биз кутгандек бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Бу маҳаллада ҳам қиш олдидан ўнта трансформатор таъмирланди, электр симлари алмаштирилди. Кўп қаватли уйларнинг кириш йўлаклар капитал таъмирланди, янги эшиклар ўрнатилди. Уйларнинг ертўласидаги иссиқлик қувурлари янгиланди.
Давлатимиз раҳбарига Чилонзор туманига ташриф чоғида берилган топшириқларга мувофиқ қишга кўрилган тайёргарлик ҳақида ахборот берилди.