Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Tashkent City Mall савдо-кўнгилочар марказини кўздан кечирди.
Мажмуа кўп функцияли бўлиб, замонавий тижорат ва хизмат турларини қамраб олган. 5 қаватда савдо дўконлари, ресторан ва кафелар, кўнгилочар ўйинлар ва спорт майдонлари жойлашган. Ер остида 2 қаватли автотураргоҳ бор.
Марказда дунёнинг энг олди брендлари шохобчаларини очган. Улар орасида биринчи марта Ўзбекистон бозорига кириб келаётганлари ҳам талайгина.
Улкан майдонда болалар ва катталар учун ёпиқ ўйингоҳлар мавжуд. Шунингдек, 14 та кинотеатр ташкил этилган. Бир сўз билан айтганда, бу ерда одамлар харид қилиши, дам олиши, спорт билан шуғулланиб, вақтини чоғ ўтказиши учун барча шароитлар яратилган.
Мажмуа бир кунда 60 минг кишига хизмат кўрсатиш қувватига эга. Унда 3 мингдан зиёд киши иш билан таъминланади.
Президент бу ерга келган одамлар билан суҳбатлашди.
Давлатимиз раҳбари мазкур мажмуанинг бир қисми бўлган беш юлдузли меҳмонхонада яратилаётган шароитлар билан ҳам танишди.
31 қаватли бу меҳмонхона бир вақтнинг ўзида 500 кишига хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлади. Унда юқори мартабали меҳмонлар учун шароитлар, 273 та стандарт хона ташкил этилади.
Шунингдек, катта ва кичик конференция заллари, очиқ ва ёпиқ сузиш ҳавзалари, ресторан ва кафетерия хизмат кўрсатади. Бинода замон талабига мос “Ақлли уй” тизими ҳамда тезюрар лифтлар ўрнатилган.
Меҳмонхона май ойида ишга туширилиши режалаштирилган. Бу ерда яна 500 киши доимий иш ўрнига эга бўлади.
Халқимизга замонавий хизматлар тақдим этадиган бундай марказларни мамлакатимизнинг бошқа шаҳарларида ҳам барпо этиш муҳимлиги айтилди.