Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг таклифига биноан 14 сентябрь куни Душанбе шаҳрида ўтказилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бешинчи Маслаҳат учрашувида иштирок этди.
Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон раислигида ўтган саммитда Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, фахрий меҳмон сифатида Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ҳамда БМТ Бош котибининг махсус вакили – Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий марказ раҳбари Каха Имнадзе ҳам қатнашди.
Кун тартибига мувофиқ, минтақада кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш, жумладан, сиёсий мулоқотни ривожлантириш, савдо, инвестициялар, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва экология соҳаларида қўшма дастур ва лойиҳаларни илгари суриш, маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштириш, хавфсизлик соҳасидаги замонавий таҳдид ва хатарларга қарши чора кўриш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ўз нутқида минтақа мамлакатлари ўртасида ишонч, яхши қўшничилик ва шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш борасидаги умумий саъй-ҳаракатларни юксак баҳолади.
– Умумий саъй-ҳаракатларимиз туфайли ҳаётий муҳим масалаларни ҳал этиш ва ҳамкорлигимизни сифат жиҳатидан янги мазмун билан тўлдириш борасида жиддий олдинга силжишга эришдик. Бизнинг сиёсий мулоқотларимиз ва парламентлараро алмашувлар доимий тус олмоқда. Мулоқот ва ҳамкорлик учун турли платформалар ишга туширилди, – деди давлатимиз раҳбари.
Марказий Осиёда барқарорлик ва бирдамлик мустаҳкамланаётгани асосий натижа сифатида қайд этилди. Минтақамиз иқтисодий ўсиш ва инвестицион фаоллик марказларидан бирига айланмоқда, Ғарбни Шарқ ва Шимолни Жануб билан боғлайдиган транспорт хаби бўлишдек тарихий вазифани яна ўз зиммасига олмоқда.
Глобал жараёнларнинг минтақанинг барқарор ривожланишига таъсири чуқур таҳлил қилиниб, бундай хавф-хатарларга самарали қарши туриш имконияти кўп қиррали шерикликни чуқурлаштиришга қаратилган қўшма саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга боғлиқлиги қайд этилди.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Президенти Марказий Осиё давлатлари ҳамкорлиги истиқболлари бўйича қатор таклифларни билдирди.
– Савдо-иқтисодий ҳамкорлик минтақавий шериклик ва интеграциянинг асосий ҳаракатлантирувчи кучидир. Биз ушбу йўналишда минтақа мамлакатлари билан амалий ҳамкорликни ривожлантириш учун Ўзбекистонда барча зарур шарт-шароитларни яратмоқдамиз, – деди мамлакатимиз етакчиси.
Товар айланмаси ҳажмини ошириш мақсадида истисно ва чекловларсиз тўлақонли эркин савдо зоналарини тезроқ шакллантириш таклиф қилинди.
Шу муносабат билан минтақада барқарор савдо-логистика занжирларини шакллантириш, чегараолди ҳудудларида савдо ва кооперация марказларини очиш ва кенгайтириш, ўзаро савдо бўйича қонунчиликни уйғунлаштириш ва бу борадаги тўсиқларни бартараф этиш, божхона маъмурчилиги, санитар ва фитосанитар назорати, товарларнинг қаердан олиб келинаётганини сертификатлаш бўйича ягона электрон платформалар яратиш, минтақавий электрон савдо майдонини ишга туширишни кўзда тутадиган комплекс минтақавий дастурни қабул қилиш зарур.
Минтақа мамлакатлари ўртасида саноат кооперациясини ривожлантиришга тўхталар экан, Ўзбекистон Президенти енгил автомобиллар, маиший техника, тўқимачилик маҳсулотлари ва озиқ-овқат товарлари ишлаб чиқариш, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Озарбайжон билан чегараолди ҳудудлари кооперациясини муваффақиятли шерикликка мисол сифатида қайд этди.
Учинчи давлатларга экспорт қилишни кўзлаган ҳолда минерал ўғитлар, полимерлар, металлдан тайёр буюмлар, тайёр тўқимачилик ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги техникаларини йиғиш ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва йирик ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш бўйича истиқболли йўналишлар бўлиши мумкин.
Биргаликдаги саъй-ҳаракатларга тизимли тус бериш учун Марказий Осиё мамлакатларининг узоқ истиқболга мўлжалланган саноат кооперациясини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш таклиф этилди.
Транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Асосий ташқи бозорлардан жўғрофий жиҳатдан узоқлигини ҳисобга олганда, мамлакатларимизда юкларни ташиш учун кетадиган харажатлар улуши товарларнинг сўнгги қийматига нисбатан 50 фоизгача етаётгани таъкидланди. Айни вақтда дунёдаги ўртача кўрсаткич 11 фоиздан ошмайди. Натижада иқтисодиётимиз ривожланган давлатлардагидан кўра 2-3 марта кўп транспорт харажатини кўтаришга мажбур бўлмоқда.
Мамлакатларимизнинг транспорт соҳасидаги салоҳиятини янада ошириш мақсадида тармоқ вазирлари учрашувлари доирасида Марказий Осиёда Транспорт ва транзит ҳақидаги битимни ишлаб чиқиш, бизнес учун қулай бўлган оралиқ тарифларни қўллаган ҳолда, Хитой, Жанубий Осиё ва Яқин Шарқ ҳамда Европа Иттифоқи мамлакатлари бозорларига чиқиш учун самарали транспорт коридорларини ривожлантириш бўйича аниқ механизмларни шакллантириш таклиф қилинди.
Бундан ташқари, Транспорт хизматлари бозорини либераллаштириш ва рухсат этишга доир тартиб-таомилларни оптималлаштириш чора-тадбирлари дастурини тайёрлаш ҳамда Халқаро ташувларнинг интеграциялашган рақамли платформасини яратиш масаласини кўриб чиқиш таклифи илгари сурилди.
– Афсуски, минтақада энергетика инфратузилмаларини ривожлантириш суръатлари саноатлаштириш ва урбанизация жараёнлари, шунингдек, демографик ўсишдан орқада қолмоқда. Бугунги кунда бу мамлакатларимизнинг узоқ муддатли барқарор ривожланиши йўлидаги жиддий таҳдиддир, – дея энергетик хавфсизликни таъминлашдаги муаммоларга эътибор қаратди давлатимиз раҳбари.
Тармоқ вазирликлари ва миллий компанияларимизнинг геология-қидирув ишларини олиб бориш ва истиқболли конларни ўзлаштириш, энергия ресурсларини сақлаш ва етказиб бериш бўйича мавжуд инфратузилмаларни кенгайтириш ва замонавий инфратузилмаларни яратиш соҳасидаги ҳамкорлигини янада кучайтириш муҳимлиги қайд этилди.
Бундан ташқари, электр энергиясини етказиб бериш учун янги магистрал тармоқларни барпо этиш ҳамкорлигимизнинг муҳим йўналишига айланиши лозим.
Шу билан бирга, энергия манбаларини диверсификация қилмасдан, муқобил энергетика соҳасига инвестиция ва технологияларни жалб этмасдан ва “яшил” водородни ишлаб чиқаришни йўлга қўймасдан туриб, минтақани барқарор ривожлантириш мумкин эмаслиги таъкидланди.
Ўзбекистон Президенти томонидан озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдаги заиф нуқталар кўрсатиб ўтилди. Булар – аграр секторнинг илмий-технологик жиҳатдан етарлича ривожланмагани, сув ресурслари борасидаги ўткир тақчиллик, қўшимча қиймат яратишнинг узоқ ва самарасиз занжирлари, иқлим инқирози ва логистикадаги узилишлар олдидаги беқарорлик, соғлом овқатланиш масалалари.
Бу соҳада саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти кўмагида минтақавий Шериклик дастурини тайёрлаш муҳим. Зеро, мамлакатларимиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан нафақат минтақанинг ички бозоридаги мавжуд эҳтиёжларни тўлиқ қоплаш, балки уларни экспорт қилишдек муҳим имкониятга ҳам эгадир.
– Иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ таҳдидларга қарши курашиш минтақанинг барқарор ривожланишини таъминлашнинг энг муҳим омилига айланмоқда. Шу муносабат билан, келгуси йил баҳор фаслида Самарқандда Марказий Осиёдаги иқлим ўзгаришларига бағишланган халқаро форум ўтказмоқчимиз, – деб, давлатимиз раҳбари минтақа мамлакатлари делегацияларини ушбу форумга таклиф этди.
Иқлим барқарорлигини ва “яшил” тараққиётни таъминлашга амалий ҳисса қўшиш мақсадида Иқлим ўзгаришларига мослашиш масалалари бўйича минтақавий стратегияни қабул қилиш ташаббуси билдирилди.
Минтақанинг иқлимга оид ягона кун тартибини шакллантириш ва биргаликда таъсирчан чора-тадбирларни қабул қилиш учун биз экология вазирлари даражасида “Иқлим бўйича Марказий Осиё мулоқоти” кўп томонлама платформасини таъсис этиш таклиф қилинди.
– Умумий тарих, урф-одат, маданият ва қадриятларга – Марказий Осиёнинг ноёб цивилизацияси муштараклиги ва ранг-баранглигига асосланган маданий-гуманитар ҳамкорлик бизнинг энг муҳим анъанавий устувор йўналишимиздир, – деди Ўзбекистон етакчиси.
Бу йўналишдаги ишларни тизимли ташкил этиш мақсадида Марказий Осиё мамлакатларининг маданий-гуманитар ҳамкорлигини чуқурлаштириш бўйича Ҳаракатлар режасини қабул қилиш таклиф этилди.
Айни вақтда бизнинг ноёб маданий-тарихий ва маънавий меросимизни халқаро майдонда кенг тарғиб этишда оммавий ахборот воситалари ва ноҳукумат ташкилотлар, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан фаол фойдаланиш зарур.
Умумий минтақавий контентни шакллантириш учун олимлар ва кенг жамоатчилик вакилларини жалб этган ҳолда “Марказий Осиё тарихи ва маданияти: ягона ўтмиш ва умумий келажак” халқаро медиа платформасини яратиш бу йўналишдаги амалий қадам бўлади.
Марказий Осиё давлатларининг ёшларга оид сиёсатига алоҳида эътибор қаратилди.
– Ёшларнинг билим ва малакасини ривожлантириш бўйича саъй-ҳаракатларимизни бирлаштириш, уларни етук малакали кадрлар қилиб тайёрлаш ва бандлигини таъминлаш мақсадида шу йўналишдаги халқаро ташкилотлар иштирокида Марказий Осиё ёшлари имкониятларини кенгайтириш ва уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш марказини ташкил этишни таклиф этамиз.
Ёшларнинг билим ва малакасини ривожлантириш бўйича саъй-ҳаракатларимизни бирлаштириш, уларни етук малакали кадрлар қилиб тайёрлаш ва бандлигини таъминлаш мақсадида шу йўналишдаги халқаро ташкилотлар иштирокида Марказий Осиё ёшлари имкониятларини кенгайтириш ва уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш марказини ташкил этишни таклиф этамиз, – деди Ўзбекистон Президенти.
Хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш муҳим йўналишлардан бири сифатида қайд этилди. Хавфсизлик масалалари бўйича давлатларимизнинг Хавфсизлик кенгашлари котиблари томонидан мувофиқлаштириб бориладиган мунтазам йиғилишларни ўтказиш ҳақидаги таклиф қўллаб-қувватланди.
Марказий Осиё мамлакатлари чегараларини ҳимоя қилиш ва мустаҳкамлаш бўйича Давлатлараро дастурни ишлаб чиқиш ҳамда Фавқулодда вазиятлар юзасидан прогнозлар қилиш, уларнинг олдини олиш, барвақт огоҳлантириш ва уларга биргаликда қарши туриш борасида Минтақавий тизимни шакллантириш ташаббуси илгари сурилди.
Марказий Осиёдаги хавфсизлик ва барқарорликка бевосита таъсир кўрсатадиган энг асосий омиллардан бири Афғонистондаги вазиятдир.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон бундан буён ҳам афғон халқига зарур ёрдам кўрсатади, шу мақсадда Термиздаги халқаро хабни гуманитар кўмак учун тақдим этади, афғон фуқароларини махсус ташкил этилган таълим марказида ўқитишни давом эттиради.
Трансафғон темир йўлини барпо этиш лойиҳасини илгари суриш билан бирга Афғонистоннинг ички транспорт йўлларини тиклаш зарурлиги қайд этилди.
Бундан ташқари, афғон томони билан чегаралар хавфсизлиги, сувдан фойдаланиш ва савдо-сотиқни ривожлантириш масалалари бўйича мулоқот муҳим экани кўрсатиб ўтилди.
Сўзининг якунида Президентимиз Маслаҳат учрашувлари ишлари бўйича Миллий мувофиқлаштирувчилар кенгашини таъсис этиш таклифини қўллаб-қувватлади ҳамда Марказий Осиё давлатлари иқтисодий кенгашини ташкил этишни таклиф қилди.
Ўзбекистон раҳбари учрашув натижалари мамлакатларимиз ўртасида дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашга, кенг миқёсдаги минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилишига ишонч билдирди.
Саммитда Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон раҳбарлари сўзга чиқди, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби саммит иштирокчиларига видеомурожаат йўллади.
Тадбир якунида қуйидаги ҳужжатлар қабул қилинди: Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бешинчи Маслаҳат учрашуви якунлари бўйича қўшма баёнот, Қозоғистон Республикаси, Қирғиз Республикаси, Тожикистон Республикаси, Туркманистон ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида ёшларга оид сиёсатнинг умумий йўналишлари тўғрисида битим, Марказий Осиёда ерусти транспортининг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш тўғрисида битим, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари ишлари бўйича Миллий мувофиқлаштирувчилар кенгаши тўғрисида низом, 2022-2025 йилларда Марказий Осиёда саломатлик ва фаровонликни қўллаб-қувватлаш учун “йўл харитаси”.