Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликлари Президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаённинг таклифига биноан 30 ноябрь – 2 декабрь кунлари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқлим ўзгариши масалалари бўйича конференциясида иштирок этиш учун Дубай шаҳрида бўлади.
Иқлим бўйича глобал саммитда дунёнинг 150 дан ортиқ мамлакатларининг давлат ва ҳукуматлари, нуфузли халқаро ташкилотлар ва молиявий институтлар раҳбарлари қатнашади.
Тадбир кун тартибидан БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги ҳадли конвенцияси асосий қоидаларини амалга ошириш, бугунги экологик таҳдид ва хатарларга қарши курашиш, “яшил” тараққиёт мақсад ва вазифаларини илгари суришда кенг ҳамкорлик масалалари ўрин олган.
Давлатимиз раҳбари саммитнинг ялпи сессиясида нутқ сўзлаши ҳамда қатор икки томонлама учрашув ва музокаралар ўтказиши кутилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси БМТнинг Ҳадли конвенциясига 1993 йилда қўшилган, 2018 йилда мамлакатимиз Париж битими иштирокчиси бўлди.