Жорий йил 21 июнь куни Швейцариянинг Женева шаҳрида Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳнинг 5-йиғилиши бўлиб ўтди.
Ўзбекистон делегацияси Женевада АҚШ, Европа иттифоқи, Канада, Бразилия, Швейцария, Индонезия, Саудия Арабистони, Мўғулистон ва бошқа ЖСТга аъзо йирик давлатлар – Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзо бўлиш бўйича ишчи гуруҳи аъзолари билан товар ва хизматлар бозорига чиқиш юзасидан қатор икки томонлама музокаралар ўтказди.
Ўзбекистон делегацияси вакиллари қаторида Монополияга қарши курашиш қўмитаси раисининг ўринбосари Ф.Карабаев иштирок этди. Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг товар ва молия бозорларида рақобат муҳитини янада яхшилашга ва тадбиркорлик субъектлари учун юқори даражали рақобатбардош майдон яратишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар ҳамда хусусий секторни ривожлантириш орқали барқарор иқтисодий ўсиш учун шарт-шароитлар яратиш борасидаги ислоҳотлар бўйича баёнот берди.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги биносида бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикасининг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) қўшилиши бўйича Ишчи гуруҳнинг 5-йиғилишини юқори даражада ўтказиш мақсадида ташкил этиладиган штаб фаолиятига Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан жалб қилинган бошқарма бошлиғи Улуғбек Фаязов, бошқарма бошлиғи ўринбосари Баходир Юсупжанов ва мутахассис Валентина Дубровская иштирок этди.