Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 29 декабрдаги “Нархлари давлат томонидан тартибга солиниши лозим бўлган товарлар нархларининг (тарифларининг) шаклланиши ҳамда қўлланилишини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 722-сон қарори тасдиқланди.
Мамлакатимизда товар ва молия бозорида рақобат муҳитини таъминлаш, нархлари (тарифлари) давлат томонидан тартибга солинадиган ижтимоий аҳамиятли товарлар (хизматлар) ва уларнинг стратегик турларини тубдан қисқартириш, устун мавқега эга бўлган хўжалик юритувчи субъектлар ҳамда табиий монополиялар субъектларининг фаолиятини давлат томонидан нарх орқали тартибга солиш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу муносабат билан, нархлари (тарифлари) давлат томонидан тартибга солинадиган соҳалардаги қонунчилик ҳужжатларини ўзаро мувофиқлаштириш зарурати юзага келмоқда.
Жумладан,“Рақобат тўғрисида”ги Қонун ва 2023 йил 6 июлдаги ПФ–108-сон Фармонга мувофиқ Вазирлар Маҳкамасининг “Нархлари давлат томонидан тартибга солиниши лозим бўлган товарлар нархларининг (тарифларининг) шаклланиши ҳамда қўлланилишини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ишлаб чиқилган.
Қарорда қуйидагилар назарда тутилган:
1) Товарларга (ишлар, хизматларга) тартибга солинадиган нархларни (тарифларни) шакллантириш, декларация қилиш (тасдиқлаш) ва белгилаш ҳамда уларнинг қўлланишини давлат томонидан назорат қилиш, шунингдек, товар ва молия бозорида сотиладиган товарларнинг (ишлар, хизматларнинг) монопол юқори ва монопол паст нархларини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган.
Ушбу низомда:
- Истеъмолчи ва якуний истеъмолчи тушунчаларига аниқлик киритилмоқда;
– истеъмолчи – хўжалик юритувчи субъектдан товарни олувчи, товарга буюртма берувчи ёхуд товарни олиш ёки унга буюртма бериш ниятида бўлган жисмоний ёки юридик шахс;
– якуний истеъмолчи – товар ёки молия бозорида фойда олиш билан боғлиқ бўлмаган эҳтиёжлари учун товарни сотиб олган жисмоний ёки юридик шахс.
- устун мавқега эга хўжалик субъектлари ва табиий монополиялар товар (иш, хизмат)лари нархлари (тарифлари)ни шакллантириш;
– Нарх (тариф) ишлаб чиқариш ва даврий харажатлар, солиқлар ва бошқа тўловлар бўйича харажатлардан ҳамда соф фойда суммасидан шаклланади.
- монопол юқори ва монопол паст нархларни аниқлаш учун Монополияга қарши орган томонидан маълумотларни олиш ва таҳлил қилиш;
– Жорий нарх (тариф) ўзгартирилишидан камида ўн беш кун олдин эълон қилиши шарт.
- монопол юқори (нархни ошириш, сақлаб қолиш ёки пасайтирмаслик, ҳудди шундай товардан анча юқори нарх, биржадаги манипуляция) ва монопол паст нархни (нархини пасайтириш, нархини сақлаб туриш ва оширмаслик) аниқлаш;
- устун мавқени суиистеъмол қилганлик, нархларини асоссиз оширганлик учун чоралар кўриш белгиланган.
2) Давлат томонидан тартибга солинадиган ижтимоий аҳамиятли товарлар (хизматлар) ва уларнинг стратегик турлари рўйхати қайта тасдиқланди.
3) Ушбу қарор билан 3 та Ҳукумат қарори ва уларга киритилган 16 та ўзгартиришлар ўз кучини йўқотган деб топилган.
Мазкур қарор 2024 йил 4 апрелдан кучга киради.