Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси Ш.Шарахметов маҳаллабай ишлаш тизими бўйича Наманган вилоятига бириктирилган мувофиқлаштирувчи Республика ишчи гуруҳ аъзоси ҳисобланади.
Наманган вилоятига Қўмитадан доимий фаолият юритувчи вакил, бошқарма бошлиғи Отабек Усмонов бириктирилган. Вилоятда биринчи ярим йиллик давомида кўплаб ишлар амалга оширилди.
Жумладан, Қўмита ва унинг худуддаги доимий вакиллари кўмагида биринчи ярим йиллик давомида 50 дан ортиқ ижтимоий лойиҳалар амалга оширилиб, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига амалий кўмак кўрсатилди. Вилоятнинг Наманган шаҳар, Давлатобод, Тўрақўрғон ва Косонсой туманларида ушбу тизим бўйича ишлар жадал суратлар билан амалга оширилмоқда.
Қўмита раиси Ш.Шарахметов “Асакабанк” АЖ бошқарув раиси Н.Сайдуллаев билан биргаликда Наманган шаҳрида амалга оширилган ишларни кўздан кечирдилар. Лойиҳаларни шаҳар ҳокими Ғ.Жамолов таништирди.Жумладан, Наманган шаҳар “Баркамол авлод” кичик саноат зонаси фаолияти билан танишилди. Худуддаги жами 46 та лойиҳадан ҳозирда 14 таси дастлабки ишлаб чиқариш фаолиятини бошлаган. Ушбу лойиҳалар қиймати 106,4 млрд.сўм бўлиб, 2 425 та янги иш ўринлари яратилди.
Ўрганишлар давомида ҳудудда янги фаолиятини бошлаган Ёджу (YEODJU) техника институтининг Наманган филиали билан танишилди. Ҳозирда институтда 10 та йўналишда таълим берилади.Бундан ташқари, шаҳар худудидаги Қозоғистоннинг “Turan International University” университети билан ҳамкорликда қўшма институт ташкил этиш лойиҳаси билан танишилди. Лойиҳа қиймати 30,0 млрд.сўмни ташкил этадиган университет 3000 нафар талабаларни қамраб олса, 150 нафар фуқароларни иш билан таъминлайди.
Шунингдек, ҳудудда фаолият олиб бораётган Республика ишчи гуруҳ вакиллари ва ҳоким ёрдамчилари билан суҳбатлашиб, иш фаолятини такомиллаштириш бўйича амалий тавсиялар берилди.