Беларусь Республикасининг Брест шаҳрида МДҲга аъзо давлатларнинг Монополияга қарши сиёсат бўйича давлатлараро кенгаши (МСАП)нинг 59 ҳамда Штабнинг 45-йиғилиши доирасида Рақобат қўмитаси раиси Ҳалилилло Турахужаев Беларусь Республикаси Монополияга қарши тартибга солиш ва савдо вазирлиги раҳбари (МСАПга раислик қилувчи) Артур Карпович билан музокаралар ўтказди.
Музокаралар чоғида рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳаларидаги долзарб масалалар муҳокама қилинди. Хусусан, рақамли платформаларнинг устун мавқеи ва улар фаолиятини самарали тартибга солиш бўйича чора-тадбирлар, шунингдек рақобат муҳитини соғломлаштириш ҳамда бозор иштирокчилари учун тенг имкониятлар яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар икки давлат ўртасидаги самарали ҳамкорликни янада ривожлантириш, ахборот ва тажриба алмашинувини йўлга қўйиш ҳамда рақобат сиёсатини замонавий тенденциялар асосида такомиллаштириш бўйича келишиб олдилар. Учрашув дўстона ва ишончли муҳитда ўтди ҳамда келгусида амалий ҳамкорлик учун муҳим асос яратди.








