Юртимизда иссиқхоначилик фаолияти билан шуғулланаётган тадбиркорлар сони кўпайиб бормоқда. Иссиқхоналарда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ички бозорларга етказиб берилади, шунингдек, чет давлатларга ҳам экспорт қилинмоқда.
Бироқ, ушбу иссиқхоналар учун зарур бўлган иссиқлик энергиясини етказиб беришда монополиялар томонидан тадбиркорларнинг манфаатлари бузилаётганлиги юзасидан Монополияга қарши курашиш қўмитасига кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда.
Жумладан, Навоий вилоятида 150 гектардан ортиқ ер майдонига иссиқхоналар қурилган бўлиб, у ерда фаолият юритаётган тадбиркорларга табиий монополия субъекти ҳисобланган “Навоий ИЭС” АЖ томонидан ишлаб чиқилган 1 Гкал иссиқлик энергияси белгиланган нархларда яъни 166,1 минг сўмдан етказиб бериш ўрнига ўртача 227,5 минг сўмдан ёки 37 фоизга қиммат нархда етказиб берилганлиги натижасида жами 70 дан ортиқ тадбиркорлардан қарийб 8,0 млрд сўмлик ортиқча маблағ олиб келинган.
Мазкур масала бўйича Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини тиклаш бўйича кўрилган чоралар натижасида асоссиз ундирилган маблағларни тадбиркорларга қайтариш бўйича кўрсатмалар берилди.
Қўмитанинг ушбу қарорлари Навоий туманлараро маъмурий суди томонидан қаноатлантирилди. Бунда тадбиркорларнинг манфаатлари ҳимоя қилиниши кутилмоқда.