Антифриз – техник суюқликларининг сифатсиз бўлиши кўп ҳолларда автомобиль двигателларида иситгич радиаторини ишдан чиқаради, ёниш камераларига антифризнинг оқиб кетишига сабаб бўлади ва шлангларда шикастланишлар пайдо бўлиб, турли носозликни келтириб чиқаради. Бугунги кунда савдо шохобчаларида сотилаётган антифризларнинг сифати талаб даражадами?
Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан 2024 йил 15 ноябрь куни белгиланган режага асосан қуйидаги 5 та номдаги антифриз маҳсулотларидан назорат хариди ўтказилди.
“COOL-X” – “WORLD TRADING COMPANY” МЧЖ ҚК. (Ўзбекистон);
“SIBIRIA” – “Дзержинский завод органического синтеза” МЧЖ. (Россия Федерaцияси);
“MAGAS” – “Север” МЧЖ. (Ўзбекистон);
“MEGAZONE” – «Sculpture Cosmetics” МЧЖ. (Ўзбекистон);
“VERTEX” – “WORLD TRADING COMPANY” МЧЖ ҚК (Ўзбекистон).
Мазкур маҳсулот намуналарининг сифатини ўрганиш мақсадида аккредитaциясидан ўтган UzTest лабораторияси ва қадоғи бўйича Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекциясига топширилди.
Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 2 октябрдаги 783-сон қарори билан тасдиқланган “Мойлаш материаллари, техник мойлар ва техник суюқликларга талаблар тўғрисидаги умумий техник регламенти” (UzTR.783-024:2017) асосида ўрганишлар ўтказди.
Таҳлил натижаларида қуйидагилар аниқланди:
барча синовдан ўтказилган маҳсулотлар сифат кўрсаткичлари бўйича амалдаги талаблари мувофиқ. Бироқ, айримлари маркировка талабларига номувофиқлиги аниқланди. Хусусан,
“MAGAS” антифризи – қадоғида қайси норматив-ҳужжат асосида ишлаб чиқарилганлиги ҳақида маълумот мавжуд эмас;
“MEGAZONE” антифризи – қадоғида ишлаб чиқарилган сана, мувофиқлик белгиси, маҳсулот қадоғида қайси норматив-ҳужжат асосида ишлаб чиқарилганлиги берилмаган;
“SIBIRIA” антифризи – қадоғида қайси норматив-ҳужжат асосида ишлаб чиқарилганлиги кўрсатилмаган.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 6-моддасига мувофиқ, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) истеъмолчига ўзи реализaция қилаётган товар (иш, хизмат)лар ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши шарт. Бунда мазкур маълумот товарларнинг этикеткаларида, тамғаларида, техник ҳужжатида ёки товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) айрим турлари учун қабул қилинган бошқа усулда истеъмолчиларга етказилиши мумкин.
Рақобат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 8 февралдаги 59-сон қарори билан тасдиқланган Низом талабларидан келиб чиқиб, ваколатли орган – Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекциясига тегишли чора кўриш учун маълумот киритилди.