Мамлакатимизда ҳуқуқий ислоҳотлар шиддат билан амалга оширилаётганлигини сўнги йилларда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга инсон ва унинг манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар мазмун моҳиятидан ҳам кўришимиз мумкин. Зеро, қонунлар жамият ҳаёти ва демократик тараққиёт негизидир. Қонунлар, аввало, жамият ҳаётининг асосини яратиб, давлат ва халқ манфаатларига хизмат қилади. Касаба уюшмалари фуқаролик ҳуқуқий муносабатнинг субъекти сифатида ўзига хос тамойилларга эга. Бу тамойилларнинг асосийси – касаба уюшмасини ташкил этиш эркинлигидир. Ўзбекистон Конституциясининг 59-моддасида “Касаба уюшмалари ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ва манфаатларини ифода этадилар ва ҳимоя қиладилар. Касаба ташкилотларига аъзо бўлиш ихтиёрийдир”, деб белгиланган. Монополияга қарши курашиш қўмитасида ҳам Касаба уюшмаси ташкил этилган бўлиб, иш берувчи корхонадаги касаба уюшмаси орқали ходимларнинг муаммоларини аниқлаб, уларни биргаликда бартараф этишга муваффақ бўлиб келмоқдалар.
Монополияга қарши курашиш Қўмитаси Касаба уюшмасининг 2021 йил йил якунлари бўйича йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси марказий аппарати ҳамда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги меҳнат жамоаси иштирок этди. Йиғилишни Қўмитаси раиси Ш.Шарахметов кириш сўзи билан очиб берди.
Йиғилиш кун тартибига Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси Касаба уюшмасининг 2019-2021 йиллар давомида амалга оширилган ишлари юзасидан ҳисоботи, Қўмитага янги Касаба уюшмаси раиси, фаоллари, тафтиш комиссияси аъзолари ҳамда ғазначисини сайлаш, 2022 йил иш режаси ва бошқа масалалар қўйилди.
Қўмита Касаба уюшмаси раиси Ф.Икрамова 2019-2021 йиллар давомида амалга оширилган ишларга тўхталиб ўтди.
Корхонада ходимларга берилаётган турли имтиёз ва кафолатлар касаба уюшмаси ва иш берувчи ўртасида имзоланадиган жамоа шартномаси орқали тартибга солинади. Иш берувчи корхонадаги касаба уюшмаси ташкилоти орқали ходимларнинг муаммоларини аниқлаб, уларни биргаликда бартараф этиш имкониятига эга бўлди. Меҳнат, хўжалик, оила ва фуқаролик қонунчилиги бўйича қонун ҳужжатларига таянган ҳолда бепул ҳуқуқий маслаҳатлар, хулосалар, йўлланмалар, болалар оромгоҳларига берилди, корхона касаба уюшмаси ташаббуси ва маблағлари ҳисобига байрамлар, маънавий-маърифий ва спорт-соғломлаштириш тадбирлари, ходимлар ўртасида турли мусобақалар, танловларнинг ўтказилишига имконият яратди.
Ҳисоботдан сўнг, Қўмита раиси томонидан Касаба уюшмаси раиси Ф.Икрамовага самарали фаолияти учун миннатдорчилик билдирилди. Кун тартибидаги иккинчи масала юзасидан тўхталиб, Касаба уюшмасининг энг муҳим афзаллиги – агар ходим касаба уюшмасига аъзо бўлса, муаммоларни якка ўзи эмас, балки жамоа ёрдамида ҳал қилиш имкониятига эга бўлиши айтиб ўтилди.
Касаба уюшмаси раислигига қўйилган номзодлар орасидан энг кўп овоз олган Инсофсиз рақобат амалиётларига, тил бириктиришлар ва картель келишувларга қарши курашиш бошқармаси бошлиғи Атамуротов Сардорбек Бахромович ходимлар томонидан сайланди. Шунингдек, Касаба уюшмаси фаоллари, тафтиш комиссияси аъзолари ҳамда ғазначиси сайланиб, таништирилди. Ходимлар ўзлари ишониб сайлаган касаба уюшмаси раиси орқали корхонанинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқишда бевосита иштирок этади, касаба уюшмаси ташкилоти ҳамда иш берувчи ўртасида имзоланадиган жамоа шартномасига ишчи-ходимлар ўзларининг таклифларини беришлари, ушбу жараёнда бевосита иштирок этишлари, имзоланган жамоа шартномаси орқали қўшимча имтиёз ва кафолатлар олиш ҳуқуқидан фойдаланишлари мумкин. Йиғилиш давомида ходимлар ана шундай имкониятдан фойдаланиб, 2022 йил режаси учун ўз таклифларини билдирдилар.
Ходимларни бахтсиз ҳодиса ва касб касалликларига чалинишлардан муҳофаза қилиш мақсадида иш берувчи ўз ҳисобидан ходимларни мажбурий суғурта қилдириш, ходимлар учун маданий-маърифий ва спорт муассасаларида маданий, интеллектуал савиясини ошириш, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиши, турли акция, кўрик-танлов, мусобақа, форум, оилавий ва жамоавий спартакиадаларда қатнашиш, театр ва концертларга имтиёзли чипталарни олиш, ички туризм, меҳнат мухофазаси ва бошқа кўплаб масалаларда барча имкониятларни ишга соламиз –деди янги сайланган Касаба уюшма раиси С.Атамуратов. Ҳулоса ўрнидан шуни айтиш мумкинки, касаба уюшмалари ўз аъзолари ва фаоли ҳаётини янада мазмунли ўтиши учун беминнат хизмат қилади.
|