Бугунги кунда тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан назоратга олинган. Қўмита томонидан тадбиркорлар ва истеъмолчиларнинг хақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш бўйича тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Монополияга қарши курашиш қўмитасига тадбиркорлик субъектларидан кўплаб мурожаатлар келиб тушади. Мурожаатларнинг аксарияти табиий монополия субъектлари томонидан асоссиз қарздорликлар ҳисоблаш ва ундиришдир.
Биргина мисол тариқасида, Фарғона вилояти, Ўзбекистон тумани Шўр-сув шаҳарчасида фаолият юритаётган “Яйпан Гипс” МЧЖга “Ўзтрансгаз” АЖ томонидан асоссиз қарздорлик ҳисобланиб, тўловлар ундирилганлиги юзасидан Монополияга қарши курашиш қўмитаси Фарғона вилоят ҳудудий бошқармасига мурожаат қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан ҳудудий бошқарма томонидан ўрганиш ишлари ўтказилган ва ўрганиш натижасида “Ўзтрансгаз” АЖ томонидан “Яйпан Гипс” МЧЖга истеъмол қилинган таъбиий газ учун тарифларни ошириб қўлланилганлиги яъни, 660 сўм ўрнига 1 000 сўм ҳисоблаганлиги аниқланган. Ҳудудий бошқарма томонидан ҳолат Махсус комиссияда кўриб чиқилди ва “Ўзтрансгаз” АЖга нисбатан иш қўзғатилди. Махсус комиссиянинг қарорига асосан “Ўзтрансгаз” АЖ томонидан асоссиз ҳисобланган 128,0 млн сўм маблағ “Яйпан Гипс” МЧЖ фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилиб берилди.
Ушбу иш бўйича “Ўзтрансгаз” АЖнинг шикояти Суд томонидан кўриб чиқилиб рад қилинди ва Бошқарманинг қарор ва кўрсатмаси ўз кучида қолдирилди ҳамда тадбиркорнинг манфаатлари ҳимоя қилиниши таъминланди.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, истеъмолчиларнинг мажбуриятлари ортишига ва уларнинг қонуний манфаатларига зарар етишига олиб келмаслиги, истеъмолчилардан коммунал хизматлари тарифларида кўзда тутилмаган ва улар билан тузилган шартномаларда белгиланмаган тўловлар ундирилмаслиги лозимлигини эслатиб ўтади ҳамда бундай ҳолатларда қонунбузилиши кузатилганда қонунчиликда белгиланган тартибда чора кўришни билдиради.