Аввал хабар берганимиздек Минск шаҳрида халқаро конференция бўлиб ўтмоқда. Монополияга қарши қонун ҳужжатлари бузилишини ҳамкорликда текшириш бўйича штабнинг 39-йиғилишига тайёргарлик кўришга бағишланган учрашувда Қўмита раиси Ш.Шарахметов ва Қўмита вакиллари иштирок этишмоқда.
Тадбир давомида Қўмита раиси сўзга чиқиб, Беларус Республикасида монополияга қарши тартибга солишнинг 30 йиллиги муносабати билан Беларус Монополияга қарши тартибга солиш ва савдо вазирлигини (МАРТ) ҳамда тадбир иштирокчиларини табриклади.
Шунингдек, Қўмита раиси ўз нутқи давомида бир қатор мавзулар, хусусан сўнги йилларда юртимизда Қўмита томонидан рақобат ва монополияга қарши курашиш соҳаларида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида қисқача маълумот берди. Шу билан бирга халқаро ҳамкорлик доирасида хорижий мамлакатларнинг монополияга қарши курашиш органлари билан рақобатни ҳимоя қилиш соҳасидаги долзарб масалаларнинг муҳокамасини амалга ошириш учун тизимли мулоқотни ўрнатиш, дўстлик ҳамда ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва янги босқичга олиб чиқиш масаласига алоҳида тўхталиб ўтди.
Шу жумладан, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига (МДҲ) аъзо мамлакатларнинг Монополияга қарши курашиш органлари билан ҳамкорликни ривожлантириш муҳокамаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси билан Россия Федерацияси Монополияга қарши курашиш федерал хизмати ўртасида рақобат сиёсати соҳасида ўзаро англашув ҳамда ҳамкорлик Меморандумини имзолаш маросими бўлиб ўтиши белгиланди.