Расмий муносабат
Ижтимоий тармоқ орқали “Нурафшон шахрида қурилиши режалаштирилган кўп қаватли уйларга бошланғич тўлов қилганмиз, ушбу уйлар 2023 йил май ойида қурилиб битказилиши лозим бўлган, лекин бугунги кунга қадар қурилиш тугатилмаган, ҳаттоки биринчи қаватдан бу ёғига ўтилмаган… Тегишли мутасадди ташкилотлардан бу масала ечим топишида ёрдам сўраб қоламиз…” мавзуида танқидий материал қолдирилган.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси мазкур мурожаат юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.
Қўмита ўрганишлар давомида “NURAFSHON CITY HUSE” МЧЖга Тошкент вилояти ҳокимлиги томонидан Нурафшон шаҳрининг Тошкент йўли кўчасида 9 қаватли уй-жой қурилиши учун рухсат берилгани, фуқаро Б.Ш. ўртасида 2022 йил 4 март куни ушбу МЧЖ билан ўзаро шартнома тузилгани, унга кўра, уй 2023 йил май ойида фойдаланишга топширилиши белгиланган, аммо турли сабаблар билан турар-жой биносининг қурилиши тугатилмай қолган.
Қўмита томонидан МЧЖга Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 6, 8, 19-моддалари асосида талабнома хати юборилди.
Шундан сўнггина қўшимча келишув асосида шартнома шартининг 1.6-бандида белгиланган шартларга кўра турар-жой биносини фойдаланишга топширишнинг санасини 2025 йилнинг 31 декабрь этиб белгиланганлиги тўғрисида шартнома имзоланган.
Маълумот ўрнида. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 354-моддасига мувофиқ, фуқаролар ва юридик шахслар шартнома тузишда эркинликлари белгиланган. Шартнома тузишга мажбур қилишга йўл қўйилмайди.
382-моддасига кўра, агар фуқаролик кодексида, бошқа қонунларда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, шартнома тарафларнинг келишувига мувофиқ ўзгартирилиши ва бекор қилиниши мумкин.
Тарафлардан бирининг талаби билан шартнома суд томонидан фақат қуйидаги ҳолларда ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин:
- Иккинчи тараф шартномани жиддий равишда бузса;
- Ушбу Кодекс, бошқа қонунлар ва шартномада назарда тутилган ўзга
ҳолларда.
384-моддасида, шартнома қандай шаклда тузилган бўлса, уни ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисидаги келишув ҳам шундай шаклда тузилади, башарти қонунчиликдан, шартнома ёки иш муомаласи одатларидан бошқача тартиб келиб чиқмаса.
Бир тараф шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги таклифга иккинчи тарафдан рад жавоби олганидан кейингина ёки таклифда кўрсатилган ёхуд қонунда ёинки шартномада белгиланган муддатда, бундай муддат бўлмаганида эса — ўттиз кунлик муддатда жавоб олмаганидан кейин, шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги талабни судга тақдим этиши мумкинлиги қайд этилган.