Рақобат қўмитаси Хоразм вилояти ҳудудий бошқармасининг тегишли буйруғига асосан, донни қайта ишловчи корхонада 2022-2023 йиллар ва 2024 йилнинг 1 октябригача бўлган фаолияти давомида Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги Қонуни ва Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 мартдаги 170-сонли қарорининг 2-иловаси ва 2023 йил 29 декабрдаги 722-сонли қарори (28.10.2010-йилдаги 239-сонли қарорининг 1-иловаси) билан тасдиқланган Низомлар ҳамда соҳани тартибга солувчи бошқа қонуности ҳужжатлари талабларига риоя этилиши юзасидан ўрганиш ва текшириш ишлари ўтказилди.
Ўтказилган ўрганиш давомида, корхона томонидан 2024 йилнинг май ойи учун тасдиқланган графикка асосан буғдой уни маҳсулоти биржа савдоларига белгиланган ҳажмлардан кам миқдорларда қўйилганлиги ҳамда 3 та ҳолатда (9 тонна омухта ем ҳамда 10 тонна буғдой уни маҳсулоти) бекор қилинган битимлар бўйича маҳсулотлар ҳажмларини биржа савдоларига такроран қўйилмаганлик ҳолатлари аниқланиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 18.03.2020 йилдаги 170-сонли қароридаги Низом талабларига риоя қилинмаганлиги маълум бўлди.
Бундан ташқари, корхона томонидан дон етиштирувчи хўжаликларга тарқатилган уруғлик буғдойни тасдиқланган нархларда сотилиши ўрганиб чиқилганда, уруғлик буғдой нархи юқори қўлланилганлиги аниқланиб, бунда 2023 йилда амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 28.10.2010 йилдаги 239-сонли қарори билан тасдиқланган Низом талабларига риоя қилинмаганлиги маълум бўлди.
Юқоридагиларга асосан донни қайта ишловчи корхона томонидан, “Рақобат тўғрисида”ги Қонунининг 29-моддаси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 18.03.2020 йилдаги 170-сонли қарори билан тасдиқланган Низомнинг 6-банди, 7-банди, 311-банди ҳамда 28.10.2010 йилдаги 239-сонли қарорининг 1-иловаси билан тасдиқланган (қонунбузилиш содир қилинган даврда амалда бўлган) Низомнинг 36-банди талаблари бузилган деб топилди. Ҳудудий бошқарма Махсус комиссияси томонидан корхонага нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, натижаси юзасидан молиявий жарима қўллаш ҳақида қарор қабул қилинди.
Шунингдек, қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик бўйича кўрсатма берилди.