Буюк мутафаккир, шеърият мулкининг султони Навоий ижоди бамисоли чексиз бир уммон, ушбу уммонга қанча чуқурроқ шўнғисангиз шунча кўп инжу терасиз. Шу сабабдан ҳам Навоий асарлари мана 6 асрдан буён ўз қийматини, бетакрорлигини йўқотмаган. Навоий асарларини қанчалик кўп ўқиган сари, ўрганган сари, шунча кўп ҳайратга тушади киши.
Буюк ўзбек шоири, мутафаккир, давлат арбоби Низомиддин Мир Алишер 1441 йилнинг 9 февралида Ҳиротда туғилди. Алишер Навоийнинг ота томондан бобоси Амир Темурнинг Умар Шайх исмли ўғли билан кўкалдош (эмикдош) бўлиб, кейинчалик Умар Шайх ва Шоҳрухнинг хизматида бўлган. Отаси Ғиёсиддин Баҳодир эса Абулқосим Бобурнинг яқинларидан; мамлакатни идора этишда иштирок этган. Онаси Қобул амирзодаларидан Шайх Абусаид Чангнинг қизи. Алишер Навоийнинг болалиги Шоҳрух ҳукмронлигининг сўнгги йилларига тўғри келган. У темурийзодалар, хусусан бўлажак подшоҳ Ҳусайн Бойқаро билан бирга тарбияланган. 4 ёшида мактабга бориб, тез савод чиқариб, туркий ва форсий тилдаги шеърларни ўқиб, ёд ола бошлаган. Ўзбек тили билан бир қаторда форсий тилни ҳам мукаммал эгаллаган. 1447 йил Таф шаҳрида Алишер машҳур «Зафарнома» тарихий асари муаллифи, шоир Шарафиддин Али Яздий билан учрашади. Бу учрашув Алишерда ёрқин из қолдиради. У шеъриятга ғоят қизиқди, Шарқ адабиётини қунт билан ўрганди. Оила муҳити болалигидаёқ унда адабиётга зўр ҳавас туғдирган эди. Тоғалари Мирсаид – Кобулий, Муҳаммад Али -Ғарибий етук шоир эдилар. Алишер Навоийлар уйида шоирлар тез-тез тўпланишиб, мушоира қилишар, адабиёт ва санъат ҳақида суҳбатлашар эдилар.
Алишер 10-12 ёшларидан шеър ёза бошлаган. Тарихчи Хондамирнинг ёзишича, ёш Навоийнинг истеъдодидан мамнун бўлган мавлоно Лутфий, унинг:
Оразин ёпқоч, кўзумдан сочилур ҳар лаҳза ёш,
Бўйлаким, пайдо бўлур юлдуз, ниҳон бўлғач қуёш, – матлаъли ғазалини тинглаб: «Агар муяссар бўлса эди, ўзимнинг ўн-ўн икки минг форсий ва туркий байтимни шу ғазалга алмаштирардим…» деган. Алишер Навоий 15 ёшида шоир сифатида кенг танилган.
Шоир ўзбек ва форс-тожик тилларида бир қанча шеърлар битиб, икки тил билимдони сифатида шуҳрат қозонади. Ўзбек тилидаги шеърларида «Навоий» («наво» – куй сўзидан), форс-тожик тилидаги шеърларида эса асосан «Фоний» («фано» – вақтинча, ўткинчи сўзидан) ва баъзан «Навоий» тахаллусини қўллайди.
Алишер Навоийнинг ижоди улкан. Олти достонининг ҳажми 60 000га яқин мисрани ташкил этади.1472 йил феврал ойида Ҳусайн Бойқаро уни “амир”(вазир)ликка қўйди. Буюк шоир “Амири кабир” (улуғ амир), “амирул муқарраб” (подшога энг яқин амир) унвонларига мушарраф бўлди.Унинг вазирлик йиллари Ҳиротда ободонлик авж олган, маданият гуллаб-яшнаган давр бўлди. Улуғ амир ўзи бош бўлиб, сувсиз ерларга сув чиқарди, эски ариқларни тозалатирди, янги каналлар қаздирди. Эски биноларни таъмир қилдириб, янгиларини қурдирди. Қанчадан-қанча мадрасалар, хонаҳоқлар солдирди.
Бу даврларда Ҳиротда адабий ҳаёт ҳам ривожланди. 1470 йилларнинг охирларида Алишер Навоий ўзининг ўзбек тилида ёзган шеърларидан иборат илк девони – «Бадоеъ ул-бидоя» («Бадиийлик ибтидоси»)ни тузди.
Шуни қувонч билан айтиш жоизки, Алишер Навоийнинг бой ва серқирра ижоди фақат ўзбек адабиётидагина эмас, балки жаҳон адабиётида ҳам салмоқли ўринга эга. Навоий лирик, эпик ва фалсафий асарлари билан XV аср адабиётида чуқур из қолдирди. Улуғ шоирнинг асарлари ҳаётлик давридаёқ Хитойдан тортиб Кичик Осиёгача етиб борди ва ҳозирда бутун дунё халқлари ҳам севиб ўқишмоқда.
А.Орипов таъбири билан айтганда,
Темур тиғи етмаган жойни қалам билан олди Алишер.
Навоий 5 достондан иборат Хамса асарини илк маротаба туркий тилда қисқа муддатда (1483-1485) ёзиб тугатди.
Навоийни ҳар ким, ҳар куни ўқиши керак!
Қодирова Гўзал Тошкенбоевна,
Монополияга қарши курашиш қўмитаси раисининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси