Қўл браслетлари, кўп функцияли ва турли кўринишда, озишга ёрдам берувчи эканлиги ҳақидаги рекламалар интернет саҳифаларида кенг тарқалиб бормоқда. Уларда иммунитетни ошириш, чарчоқни камайтириш, бош ва бўғим оғриқларини йўқотиш, жисмоний ва ақлий қобилиятни ошириш каби 10га яқин даволаш хусусиятга эга эканлиги ёритилган. Бундай маълумотлар кўпинча нотўғри ёки чалғитувчи бўлиб чиқиши мумкин.
Харид қилмасдан олдин нималарга эътибор бериш керак?
Рақобат қўмитаси истеъмолчиларга қўл браслетларини харид қилишдан аввал мазкур тиббий маҳсулотнинг клиник синовлардан ўтгани ва Соғлиқни сақлаш органлари томонидан тасдиқланган ҳужжатлари билан танишиш кераклигини эслатиб ўтади. Агар бундай ҳужжатлар йўқ бўлса, реклама нотўғри ёки чалғитувчи ҳисобланади!
Шунингдек, интернетнинг очиқ манбаларидан бу борада мамлакатимиз ва хориждаги илмий тадқиқотлар, форумлар ҳамда шарҳлар орқали истеъмолчиларнинг фикрини ўрганиб чиқиш ва уларни таҳлил қилиш мақсадга мувофиқ.
Ўзбекистон Республикаси “Реклама тўғрисида”ги Қонунига асосан, ноаниқ, чалғитувчи ёки ҳақиқатга тўғри келмайдиган реклама тарқатиш жавобгарликка сабаб бўлади.