Жорий йилнинг 22-23 октябрь кунлари Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан Навоий вилоятида аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан учрашувлар ўтказилди.
Ғазғон шаҳар, Нурота, Кармана ва Навбаҳор туманларида бўлиб ўтган учрашувларда жисмоний ва юридик шахсларнинг коммунал соҳа, сув таъминоти, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ва имтиёзли кредит ҳамда бошқа масалалар юзасидан йўллаган мурожаатлари ўрганилди.
Мазкур суҳбат давомида жисмоний ва юридик шахслар сув таъминоти, электр энергияси ва газ нормалари масалалари ҳамда савдо соҳасидаги камчиликлар тўғрисида ўзларининг мурожаатларини йўлладилар.
Жумладан, Ғазғон шаҳар “Мармаробод” МФЙ раиси томонидан МФЙнинг 225 та хонадонида суюлтирилган газ баллонлар белгиланган вақтларда келмаётганлиги, маҳалладаги мавжуд 374 та хонадонларда томорқа экинлари суғориш учун сув йўқлиги масаласи кўтарилди. Ушбу мурожаатлар ижроси натижасида «HUDUDGAZ NAVOIY” газ таъминоти филиали билан жойида ҳал этилиши таъминланди.
Шунингдек, Навбаҳор тумани “Мирзо Улуғбек” МФЙда истиқомат қилувчи фуқаролар томонидан куз-қиш мавсуми учун кўмир ажратиш ва ишга жойлаштириш масаласида кўтарилган мурожаатлар хам ҳал этилди.
Ушбу тумандаги “Тошработ” МФЙда жойлашган “NAV-SHIRIN DIYOR” ОК раҳбари томонидан тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш мақсадида имтиёзли кредит ажратилишида амалий ёрдам сўралган, маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси орқали ҳужжатлар расмийлаштирилиб, имтиёзли кредит ажратишга келишилди.