Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига “Uzum Market” МЧЖ ХК (Узум маркетплейси) ҳамда “Orientswiss Tas’hkent” МЧЖ ХК кўплаб тадбиркорларнинг пулларини ўз вақтида тўлаб бермаётганлиги юзасидан эътирозлар келиб тушмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 1майдаги “Товар ва молия бозорларида монополияга қарши тартибга солишга доир норматив – ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги 256-сонли қарори қабул қилинди. Мазкур қарорнинг
2-иловасига мувофиқ “Рақамли платформа операторининг устун мавқеини ва устун музокара кучини эътироф этиш ҳамда рақобатнинг чекланишига ва (ёки) истеъмолчиларнинг, бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини камситишга олиб келадиган ҳаракатларни аниқлаш тартиби тўғрисида” ги Низоми тасдиқланган.
Маълумот учун: Мазкур Низомнинг 3-бандига кўра, электрон савдо майдончалари (маркетплейслар) платформалари рақамли платформаларнинг бир шакли ҳисобланиши белгиланган.
Шу билан бирга, ҳозирги кунда Қўмита томонидан электрон савдо майдончалари (маркетплейслар) платформалари бозорида ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, барча тегишли тартибдаги ўрганишлар якунлангандан сўнг “Uzum Market” МЧЖ ХК ва “Orientswiss Tashkent” МЧЖ ХК устун мавқейи ёки устун музокара кучи Қўмита томонидан белгиланган тартибда кўриб чиқилишини маълум қиламиз.
Шунингдек, Қўмита ҳар икки ҳолатни тегишли тартибда ўрганиб чиқди. Ўрганиш натижасига кўра, маркетплейслар ҳамда тадбиркорлар ўртасида тузилган воситачилик шартномаси (оферта) ўзаро шартномавий муносабатларни келтириб чиқиши сабабли, ушбу мурожаатлар суд томонидан кўриб чиқилиши мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайди.