Табиий монополия субъектларининг фаолиятини тартибга солиб бориш, уларнинг мазкур соҳадаги табиий монополия ҳолатидан фойдаланиб, устун мавқени суистеъмол қилмаслиги учун Монополияга қарши орган томонидан муайян ишлар амалга оширилиб келинмоқда.
Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан “Қорақалпоқ ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан истеъмолчиларга етказиб берилган электр энергияси ҳажмлари ва қўлланилган тарифларнинг қонунчилик талабларига мувофиқлиги юзасидан ўрганиш ўтказилди.
Ўтказилган ўрганишлар натижасида, амалдаги қонунчилик ҳужжатларида электр энергияси таъминотида зарур бўлган воситаларни ўрнатиш “Қорақалпоқ ҳудудий электр тармоқлари” АЖга юклатилган бўлсада, ўзининг табиий монополия субъекти эканлигидан фойдаланиб, ушбу воситалар фермерлардан ундирилаётганлиги, яъни 170 та тадбиркорлик субъектларидан 2,3 млрд.сўмга яқин маблағ ундириш ҳолати аниқланди.
Мазкур ҳолат бўйича Қўмита томонидан “Қорақалпоқ ҳудудий электр тармоқлари” АЖга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, тегишли чоралар кўрилди.
Бугунги кунда ушбу қонунга зид равишда олинган 2,3 млрд.сўмга яқин маблағлар фермерларга қайтариш (қайта ҳисоб-китоб) ишлари олиб борилмоқда.
Маълумот учун: “Қорақалпоқ ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Қўмита томонидан қабул қилинган қарор бўйича судга даъво ариза киритган. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг қарори билан кассатсия шикояти Қорақалпоғистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси фойдасига ҳал қилинган.