Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳридаги “Азия металл проф” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишди.
Ушбу йирик заводда 2018-2022 йилларда хитойлик ҳамкорлар билан биргаликда умумий қиймати 110 миллион долларлик лойиҳалар амалга оширилган. Бу маблағнинг 33 миллион доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестициядир.
Дастлаб, 2018 йил декабрда рух ва полимер билан қопланган металл листлар тайёрлаш бошланган бўлса, иккинчи босқичда, 2021 йилдан металл қувурлар ва профиллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. 2022 йил февралдан иссиқ ўрамали металл листлар ва қурилиш учун профиллар ҳам ишлаб чиқарилмоқда.
Ушбу маҳсулотлар импорт ўрнини босиши ва экспортбоплиги билан аҳамиятли. Хусусан, ўтган йили корхона томонидан 63 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган. Бу кўрсаткич жорий йилда янада юқори бўлиши кутилмоқда. Айни пайтда корхонада 520 нафар ишчи меҳнат қилмоқда.
Давлатимиз раҳбари лойиҳанинг тўртинчи босқичи – арматура ишлаб чиқариш корхонасининг қурилиш майдонида бўлди. Бу ерда йилига 390 минг тонна арматура қуйиш қуввати ҳамда 150 та янги иш ўрни яратилади.
Умуман, 2023-2025 йилларда яна бешта лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Уларга жами 621 миллион доллар йўналтирилиб, йилига 1,7 миллион тонна металл ҳамда 10 миллион метр квадрат ойна ишлаб чиқариш қуввати яратилади. 930 та янги иш ўрни очилади.
Президентимиз маҳаллийлаштириш ва таннархни тушириш орқали экспортда рақобатбардошликни ошириш кераклигини таъкидлади.