Расмий муносабат
Ижтимоий тармоқ орқали “Расмдаги сариёғни кеча 19 августда олгандим «Корзинка»дан устига 13.09.2024 яроқлилик муддати ёзиб ёпиштирилган, ёпиштирилган қоғоз тагида бошқа сана 13.03.2024. Сариёғни яроқлилик муддати 4 ой яъни август ойида муддати тугаган. Бизни алдашганми шунда? мавзуида материал қолдирилган.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси мазкур мурожаат юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.
Қўмита томонидан олиб борилган ўрганишларда дўконда сотилаётган “Butter Light”савдо белгиси остидаги сариёғ маҳсулоти қадоғида яроқлилик муддати икки хил санада эканлиги, ёпиштирилган қоғоз тагида бошқа сана яъни ишлаб чиқарилган вақти 13.03.2024 йил бўлиб, сариёғнинг яроқлилик муддати август ойида тугаганлиги маълум бўлди. Ўрганишлар давомида мазкур муаммо сариёғ маҳсулоти муддатини муҳрловчи ускунанинг носозлиги туфайли келиб чиққани аниқланди.
Ўрганиш натижасида “ANGLESEY FOOD” МЧЖ ХК томонидан носоз ускуна таъмирланди, шу партияда ишлаб чиқарилиб, савдога топширилган барча сариёғ маҳсулотлари корхонага қайтарилди. Истеъмолчига етказилган зарар қоплаб берилди.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг:
12-моддасига мувофиқ, агар товардан фойдаланиш, уни сақлаш, ташиш ёки утилизация қилиш, иш (хизмат) натижалари истеъмолчининг ҳаёти, соғлиғи, мол-мулкига ёки атроф-муҳитга зарар етказаётганлиги ёхуд зарар етказиши мумкинлиги аниқланса, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) зарар келтирувчи сабаблар бартараф этилгунга қадар уларни ишлаб чиқаришни (бажаришни, уни реализация қилишни) дарҳол тўхтатиши, муомаладан чиқариш ва истеъмолчилардан қайтариб олиш чораларини кўриши шарт.
13-моддасига мувофиқ, нуқсонли товар сотилганда истеъмолчи, агар бу ҳол шартнома тузиш пайтида айтиб ўтилмаган бўлса, ўз хоҳишига қараб қуйидагилардан бирини талаб қилишга ҳақли:
товарни айни шундай маркали (моделли, артикулли) мақбул сифатли товарга алмаштириб бериш;
товарни бошқа маркали (моделли, артикулли) шундай товарга алмаштириб, унинг харид нархини тегишинча қайта ҳисоб-китоб қилиш;
товарнинг нуқсонларини бепул бартараф этиш ёки истеъмолчининг ёхуд учинчи шахснинг нуқсонларни бартараф этишга қилган харажатларини қоплаш;
харид нархини нуқсонга мутаносиб равишда камайтириш;
шартномани бекор қилиб, кўрилган зарарни қоплаш.