Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида фаолият олиб бораётган “Кумуш куз файзи” МЧЖнинг мурожаати келиб тушган.
Мазкур мурожаатда “Кумуш куз файзи” МЧЖнинг ўз эҳтиёжига паррандаларга озуқа учун Россиядан темир йўл орқали “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ хизматида фойдаланган ҳолда “Омухта ем” (ГНГ коди 23099096) олиб келганлигини, бироқ юкларни расмийлаштириш жараёнида темир йўлда юкларни ташиш хизматлари учун тўловларни ҳисоблашда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 15 ноябрдаги ПҚ-4015-сонли қарорига асосан имтиёзлар тўлиқ қўлланилмаганлиги оқибатда темир йўл ташиш харажатлари тўлиқ тўлаб берилмаганлиги, яъни Тошкент темир йўл станциясидан Яккабоғ темир йўл станциясига қадар ташиш харажатлари учун имтиёз қўлланилмаганлиги билдириб, ушбу имтиёзларни қўлланилишида амалий ёрдам беришни сўраган.
Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан Қўмитанинг топшириғи асосида мурожаат “Ўзбекистон темир йўллари” АЖдан сўров йўли билан олинган маълумотлари асосида ҳамкорликда ўрганиб чиқилди.
“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ бошқаруви томонидан тадбиркорларни қўллаб қувватлаш, темир йўл транспортида юк ташишда қулайликлар яратиш мақсадида “Кумуш куз файзи” МЧЖ томонидан импорт шартномаси ўзгарган Тошкент станциясидан Яккабоғ станциясига юк ташишда ташиш тарифларига 50 фоиз миқдорида чегирма қўлланилиши масаласида ижобий тўхтамга келинди. Шунга асосан “Кумуш куз файзи” МЧЖ томонидан барча ҳужжатлар билан “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг «Ўзтемирйўлҳисоб» марказига мурожаат қилинди ва марказ томонидан 29 267 963 сўм маблағни тадбиркорлик субъекти фойдасига қайта ҳисоб қилиб қайтарилиши таъминланди.
Бу билан халқимизни парранда гўшти ва тухум билан таъминлаб келаётган тадбиркорнинг маҳсулот ишлаб чиқариш таннархини камайишига, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайишига, пировард натижа маҳсулотнинг нархини арзонлашишига янада имконият яратилди.