Ижтимоий тармоқ орқали “Havas” дўконида сотилаётган картошканинг сотув растасида бошқа нарх, харид чекида бошқа нарх кўрсатилганидан норозилик билдирилган” мурожаат қолдирилган.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси мазкур мурожаат юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.
Қўмита томонидан олиб борилган ўрганишларда савдо ходими томонидан ҳақиқатан ҳам мазкур камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланди. “Havas FOOD” МЧЖ ўзининг ички тартиб қоидаларига кўра, ходимга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Мҳакамасининг 2003 йил 13 майдаги 75-сон қарори билан тасдиқланган Чакана савдо қоидаларининг 190-бандига мувофиқ, товарларда нархномалар бўлмаганда ёки атайин нотўғри расмийлаштирилган нархномалар қўйиш чакана савдо қоидаларини бузиш ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 164-моддаси биринчи қисмига мувофиқ, савдо қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланган. Шунингдек, 271-моддаси ўн биринчи қисмига мувофиқ, ушбу Кодекснинг 164-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни биринчи марта содир этган тадбиркорлик субъектининг мансабдор шахслари ёки ходимлари ёхуд тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи фуқаролар йўл қўйилган бузилишларни ҳуқуқбузарлик аниқланган пайтдан эътиборан ўттиз кунлик муддатда ихтиёрий равишда бартараф этган ва (ёки) етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаган тақдирда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни бошлаш мумкин эмас, бошланган иш эса тугатилиши лозим.
Мазкур ҳолатда нархномалар бўйича ҳуқуқбузарлик корхона томонидан ихтиёрий бартараф этилганлиги ва бир йил ичида биринчи маротаба эканлигини инобатга олиб, чора кўришдан озод этилди.
Юқоридаги ҳолатлар такрорланмаслиги юзасидан жамият томонидан ходимлар тартибга чақирилди ҳамда савдо расталарида мавжуд барча товарлар нархи харидорларнинг эътиборига ўз вақтида аниқ ва қулай шаклда етказиб бериш таъминланди.