Айни пайтда Қозоғистон Республикаси, Олмаота шаҳрида икки кунлик (6-7 октябр кунлари) «VIII Евросиё монополияга қарши кураш Форуми» бўлиб ўтмоқда. Мазкур халқаро Форумда бир қатор нуфузли халқаро ташкилотлар, хусусан Европа иттифоқи (ЕИ), БМТнинг Савдо ва тараққиёт конференцияси (UNCTAD), Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD), Халқаро рақобат тармоғи (ICN), Жаҳон банки (WB), Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЕИИ), Евросиё иқтисодий иттифоқи Суди, Евросиё иқтисодий комиссияси (ЕИК), Қозоғистон Республикаси Олий суди, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ) мамлакатларининг монополияга қарши курашиш органлари ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари, расмий вакиллари, экспертлари ҳамда мутахассислари иштирок этмоқда.
Ўз навбатида, Форумда Қозоғистон Республикаси Рақобатни ҳимоя қилиш ва ривожлантириш агентлиги томони таклифига биноан Монополияга қарши курашиш қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари А. Қаюмов ҳамда Қўмита масъул ходими О. Шойимов иштирок этмоқда.
Форумнинг иккинчи куни, яъни бугуннинг (7-октабр) кун тартибидан бир қатор тадбирлар ўрин олди. Шу жумладан, BRIKS Рақобат қонунчилиги ва сиёсати бўйича халқаро марказ ASCOLA ташкилоти билан ҳамкорликда, Олмаота шаҳрида жойлашган KIMEP университетида «Глобаллашувнинг рақобат ва рақамли бозорларнинг ривожланишида таъсири» мавзусига бағишланган академик семинар бўлиб ўтди. Мазкур семинарда, нуфузли халқаро университетларнинг профессорлари, Марказ мутахассислари ҳамда Қозоғистон Республикаси Рақобатни ҳимоя қилиш ва ривожлантириш агентлиги расмийлари иштирок этди.
Семинар давомида, Қўмита раисининг биринчи ўринбосари А.Қаюмов сўнгги йилларда мамлакатимиз ҳамда Қўмита томонидан рақамлаштириш, рақамли бозорларда рақобатни таъминлаш борасида олиб борилаётган кенг қамровли ишлар ҳамда ислоҳотлар тўғрисида ҳисобот билан чиқиш қилди.