Ижтимоий тармоқда “3 дақиқалик ролик учун 224 миллион сўм!” номли мурожаат қолдирилган.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси мазкур мурожаат юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.
Мурожаатда Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш Давлат қўмитаси (кейинги ўринларда – Буюртмачи) томонидан “Бутунжаҳон ҳайвонлар соғлигини ҳимоя қилиш ташкилотини 100 йиллиги”га бағишланган видеоролик ишлаб чиқиш бўйича бошланғич нархи 370,0 млн. сўмлик танловда яшашга яроқсиз жойларни ижарага бериш ва бошқариш фаолияти билан шуғулланадиган корхона ғолиб бўлганлиги кўрсатилган.
Ўрганиш давомида Буюртмачи томонидан 2024 йил 4 сентябрь куни “etender.uzex.uz” махсус ахборот портали орқали ўтказилган ушбу танловда 3 та талабгорлар яъни, “Accord Pro” МЧЖ (354,2 млн.сўм), “Apg China” МЧЖ (четлаштирилган) ва “Satart-Haus-Building” МЧЖ (224,0 млн.сўм) томонидан таклиф ҳужжатлари тақдим қилинган ва “Satart-Haus-Building” МЧЖ 224,0 млн.сўмлик таклифи билан танлов ғолиби деб топилган.
Махсус ахборот портали орқали талабгорлар томонидан тақдим қилинган ҳужжатларни ўрганиш давомида белгиланган баҳолаш мезонларига мувофиқ ҳужжатларни тўлиқ тақдим қилмаганлиги учун “Apg China” МЧЖ савдодан четлаштирилганлиги кузатилди.
Шунингдек, танлов захира ғолиби “Accord Pro” МЧЖ томонидан солиқдан қарздорлиги мавжуд эмаслиги бўйича тақдим қилинган маълумот ўзгартирилган (сохталаштирилган) ҳолда тақдим қилинган бўлса-да, асоссиз равишда юқори баллар билан баҳоланганлиги кузатилди.
Жумладан, “Accord Pro” МЧЖ томонидан солиқдан қарздорлиги мавжуд эмаслиги бўйича тақдим қилинган маълумот “QR” коди орқали сканер қилинганида, солиқдан 11 544,4 сўм қарздорлиги борлиги маълум бўлди.
Қўмита мазкур мурожаатни ўрганиш давомида Буюртмачи томонидан ушбу танловда иштирок этган “Accord Pro” МЧЖнинг солиқдан қарздорлиги мавжуд эмаслиги бўйича тақдим қилган маълумоти ўзгартирилганлиги, аслида солиқдан қарздорлиги мавжудлиги сабабли танлов натижаси бўйича ғолиб ташкилот билан шартнома тузиш рад этилганлиги маълум бўлди.