Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан бозорлардаги нарх-наво барқарорлигини таъминлаш, асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархларини манипуляция қилиш, асоссиз ва сунъий ошириш, уларга бўлган танқислик ва ажиотаж талабни вужудга келтиришга қаратилган ғайриҳуқуқий ҳаракатларни аниқлаш (ўрганиш) ва уларни бартараф этиш мақсадида республика бозорларида ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Мамлакатимизда давлатимиз раҳбари томонидан озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш борасидаги ишлар тизимли равишда, чуқур ўйланган режа асосида йўлга қўйилганлиги натижасида бугун ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш жараёни самарали ташкил этилмоқда.
Жумладан, сўнгги йилларда мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини ва экспорт салоҳиятини оширишга бўлган ёндашув мутлақо ўзгаргани, бозорларни сифатли, хавфсиз ва арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдиришга алоҳида эътибор қаратилгани ўз самарасини бермоқда.
Ушбу ишларнинг узвийлигини, аҳолини сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш ишларини доимий назорат қилиш мақсадида Қўмитанинг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси томонидан тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида фаолият олиб бораётган 12 та деҳқон бозорларида мунтазам равишда асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг нарх-навоси бўйича кунлик мониторинг юритилиши йўлга қўйилган. Ўрганиш жараёнида инсон саломатлиги учун хавфли, муддати ўтган, сифатсиз маҳсулотлар ҳам аниқланди.
Биргина пойтахтимизнинг “Фарҳод” деҳқон бозорида ваколатли идораларни жалб қилган ҳолда бозорни ўрганиш жараёнида муддати ўтган, сифатсиз “22 кг банан”, “9,7 кг курка гўшти, 10,8 кг колбаса ва 7 кг пишлоқ” ва бошқа маҳсулотлари бозор расталаридан олиб ташланди.
Мониторинг жараёнида қонунбузилиш ҳолатларини олдини олиш мақсадида тадбиркорлар билан учрашиб, уларга асосий озиқ-овқат маҳсулотларига нарх-навони шакллантиришнинг белгиланган механизмлари ҳамда савдо қоидалари тўғрисида ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Шунингдек, соҳа мутахассислари иштирокида тушунтириш ишлари ва профилактик тадбирлар доимий ўтказилиши белгиланиб олинди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 31 майдаги “Истеъмол бозорларида нархлар барқарорлигини таъминлашга ва монополияга қарши чораларнинг таъсирчанлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 101-Ф-сонли Фармони билан Монополияга қарши курашиш қўмитасига ва унинг ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига қатор қўшимча ваколатлар берилган.
Белгилаб берилган вазифаларни муддатида ва сифатли бажариш мақсадида Қўмитанинг барча ҳудудий бошқармалари томонидан бозорлардаги нарх-навони барқарорлаштириш мақсадида ўрганиш ишлари давом этмоқда.