Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида жорий йилнинг 11 май куни ўтказилган ҳудудларда энергия таъминоти ва қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш ҳолатига бағишланган йиғилишда:
мамлакатимизга бензин ва дизель ёқилғисини олиб келишга барча чекловлар олиб ташланганлиги;
мутасаддилар олдига ҳозирдан бензин ва дизель захирасини шакллантириш вазифаси қўйилганлиги;
ёқилғи олиб келувчи тадбиркорларга айланма маблағ учун кредитлар ажратилиши белгиланганлиги;
яратилган шароитлар туфайли мамлакатимизга шу йилнинг ўзида 5 мингта электромобиллар олиб келингани таъкидланди. Энди улар учун ҳудудларда етарли инфратузилма яратиш лозимлиги;
бу борада келгуси уч йилда 3,5 мингта қувватлаш қурилмаларини ўрнатиш бўйича алоҳида дастур қабул қилиниб, имтиёзлар берилганлиги;
вилоят ҳокимларига жорий йилнинг ўзида 900 та қувватлаш қурилмалари ўрнатилишини таъминлаш топширилганлиги;
умуман, тармоқ мутасаддилари олдига энергетика соҳасида иш сифатини таъминлаш, тартиб ва интизомни кучайтириш вазифаси қўйилганлиги таъкидлаб ўтилди.
Автобензин маҳсулоти импорти таҳлили:
АИ-80 маркаси бўйича – 2022 йилда, 3 та корхона томонидан 2 374 тонна маҳсулот импорт қилинган бўлса, 2023 йил 1 май ҳолатига, 18 та корхона томонидан 131 629 тонна ёки 55 баробар кўп маҳсулот импорт қилинган (бунда асосан йил бошида қишнинг аномал совуқ келиши оқибатида, газ қуйиш шохобчалари фаолияти вақтинча тўхтатилгани ортидан бензинга талаб кескин ошиши сабаб бўлган).
АИ-92 маркаси бўйича – 2022 йилда, 69 та корхона томонидан жами 81 075 тонна маҳсулот импорт қилинган бўлса, 2023 йил 1 май ҳолатига, 58 та корхона томонидан 92 825 тонна маҳсулот импорт қилинган.
АИ-95 маркаси бўйича – 2022 йилда, 31 та корхона томонидан жами 35 477 тонна маҳсулот импорт қилинган бўлса, 2023 йил 1 май ҳолатига, 18 та корхона томонидан 19 198 тонна маҳсулот импорт қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 12 декабрдаги ПҚ-440-сонли қарорига мувофиқ, 2022 йил 10 декабрдан 2023 йил 31 декабрга қадар импорт қилинадиган, маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқариладиган ва тадбиркорлик субъектлари томонидан якуний истеъмолчиларга сотиладиган АИ-80 русумли автобензин маҳсулоти учун, истисно тариқасида, акциз солиғини «ноль» ставкада қўлланилиши белгиланган.
Қўмита томонидан берилган кўрсатмалар асосида жорий йил 1 майдан бошлаб, АИ-80 автобензин маҳсулотини биржа савдоларида сотиб олиш ҳажмлари учун ўрнатилган максимал миқдорга қўйилган чекловлар (лимит) бир тонналик лотлар учун 5 тоннадан – 10 тоннага оширилиб, бошланғич нархга нисбатан 5 фоизгача бўлган ўсиш чегараси бекор қилинди.
2023 йилнинг 15-19 май кунлари биржага 31,3 минг тонна АИ-80 автобензини 6,1 млн сўмдан қўйилиб, 14,8 минг тоннаси ўртача 6,4 млн сўмдан (бир литри учун 4 816 сўм) сотилди.
Шунингдек, мазкур ҳафтада АИ-80 автобензинни кунлик ўртача қўйиш ҳажми 12 фоизга (6,1 минг тоннадан → 6,9 минг тоннага) кўпайиши натижасида, маҳсулот нархи барқарорлашиб, аввалги ҳафтага нисбатан ўртача сотилиш нархи 2 фоизга (6 500 минг сўмдан → 6 400 минг сўмга) арзонлашди.
Юқоридагиларга асосан бензин импортини амалга ошириш ҳамда уни молиялаштириш бўйича ушбу бозорда рақобат таъминланганлигини кузатиш мумкин.