Қорақалпоғистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасининг Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама фаолиятини тартибга солиш бошқармаси ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил
11 сентябрдаги “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий ва институционал тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5817-сонли Фармонида белгилаб берилган вазифалар ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 19 декабрдаги “Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчиллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 1015-сонли Қарори талабларига, Қўмита ва Агентликнинг буйруқ ва кўрсатмаларига асосан олиб борди.
Бошқармага 2022 йилнинг 9 ойи давомида 656 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, жами тушган мурожаатлардан 314 таси уй-жой коммунал соҳаси бўйича, 200 таси савдо соҳасига, 121 таси алоқа, ижтимоий ва молиявий соҳага тегишли ҳамда 21 таси эса реклама ва бошқа соҳаларга тегишли мурожаатларни ташкил этади.
Қўмитанинг махсус комиссияси томонидан жами 32 та иш қўзғатилган бўлиб, қўзғатилган ишлар бўйича 27 тасига кўриб чиқиш натижаларига кўра бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилган.
Мазкур ишларнинг 28 таси истеъмолчи қонунчилиги ва 4 таси реклама қонунчилиги талаблари бузилиши натижасида қўзғатилган.
Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, Қўмитага фуқаро (истеъмолчи)лардан Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни бузилиши ҳолатлари бўйича келиб тушган ариза ва мурожаатлар Қўмита ходимлари томонидан ўрганиб чиқилган ва қонун бузилиши холатлари бартараф этилган. 591 та фуқаро (истеъмолчи)ларнинг ҳуқуқи тикланган бўлиб, 26 та истеъмолчига маълум миқдорда пули қайтариб берилди. Истеъмолчилардан ортиқча олинган 196 836 000 маблағлар махсус комиссия қарорисиз ихтиёрий равишда истеъмолчиларга қайтариб берилган.
Ташқи реклама воситалари орқали, шу жумладан савдо дўконларининг ташқи ва ички қисмида, интернет, ижтимоий тармоқлар ва телеграм каналларда рекламаси таъқиқланган маҳсулотларни реклама қилинишига йўл қўймаслик юзасидан жами 3704та субъектларида ўрганиш ишлари олиб борилди ва натижада 47 та ҳолатда тамаки, тамаки маҳсулотлари ва алкоголли ичимликлар рекламалари жойлаштирилганлиги аниқланиб, реклама берувчи ва тарқатувчиларга “Реклама тўғрисида”ги қонун талабларининг бузилиш ҳолатларини бартараф этиш тўғрисида огоҳлантириш хатлари берилди ва қонуннинг мазмун-моҳияти тушунтирилди.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама фаолиятини тартибга солиш масалалари бўйича жами 30 та (Уй-жой коммунал, қурилиш ва транспорт соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими 5 та, Савдо, умумий овқатланиш, туризм, ижтимоий ва молиявий хизматлар, шунингдек алоқа хизматлари соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими 15 та, Реклама фаолиятини тартибга солиш бўлими 10 та) ўрганиш ва таҳлил ишлари олиб борилди. Ўтказилган ўрганиш ва таҳлилларда истеъмолчилардан жами 3 млрд. сўмдан ортиқ миқдорида ортиқча олинган маблағ аниқланди ва Қўмитанинг махсус комиссия томонидан ушбу аниқланган маблағларни истеъмолчиларга қайтариш бўйича қарор қабул қилиниб, тегишли кўрсатмалар берилди.