Президент Шавкат Мирзиёев “Humo Arena” спорт саройига ташриф буюриб, бокс бўйича жаҳон чемпионатини томоша қилди.
Бу нуфузли мусобақада 107 та мамлакатдан 600 дан ортиқ боксчилар иштирок этди. Ўзбекистон миллий терма жамоаси барча 13 вазн тоифасида қатнашди. Вакилларимиз бугунгача 9 та медални нақд қилиб бўлган эди.
Давлатимиз раҳбари 13 май куни юртимиз боксчилари иштирокидаги финал жангларини кузатди. Қизғин ва муросасиз ўтган баҳсларда Асадхўжа Мўйдинхўжаев қозоғистонлик Дулат Бекбауовни, Ҳасанбой Дўсматов франциялик Билал Беннамани, Баҳодир Жалолов кубалик Алехандро Арзолани енгиб, олтин медални қўлга киритди.
Ғолибларга медаллар ва чемпионлик камарларини Президент Шавкат Мирзиёев топширди. Шунингдек, уларга Халқаро бокс ассоциацияси (IBA) томонидан ажратилган мукофот пуллари берилади.
Мусобақанинг сўнгги кунида яна тўрт нафар боксчимиз рингга чиқади. Жаҳон чемпионати 14 май куни якунланади.