Бугун 26 апрель Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни (1996–йил 26–апрель) қабул қилинган бўлиб, бугун роппа-роса 27 йил бўлди.
Шу муносабат билан, бугунги брифингда Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан жорий йилнинг 1-чораги давомида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида амалга оширилган асосий ишлар ҳақида маълумот бериб ўтаман.
Хабарингиз бор, мамлакатимизда олиб борилаётган маъмурий ислоҳотлар доирасида Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва унинг ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги фаолияти оптималлаштирилган ҳолда алоҳида мақомга эга бўлган ягона орган – Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси сифатида қайта ташкил этилди.
Бунда истеъмолчилар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, аҳолининг ҳуқуқий ва истеъмол маданиятини юксалтириш, ички бозорларда сифатсиз товарлар сотилишини олдини олиш Қўмитанинг асосий фаолият йўналишларидан бири ҳисобланади.
Қўмитага И-чорак давомида истеъмолчилардан жами 5 277 та мурожаатлар келиб тушган.
Мурожаатларнинг 36 фоизи уй-жой коммунал, транспорт хизматлари, 43 фоизи савдо ва умумий овқатланиш, 16 фоиз алоқа, молия ва ижтимоий хизматлар ҳамда 5 фоизи реклама муносабатлари ва бошқа масалаларга тўғри келади.
Мазкур мурожаатларнинг 87 фоизи (4 590 та) ижобий ҳал этилган ва ҳуқуқий тушунтиришлар берилган.
Мурожаатлар бўйича ўтказилган ўрганишларда 6 271 нафар истеъмолчиларга 3,0 млрд сўмдан ортиқ миқдорда зарар етказилганлиги аниқланган.
Шундан, 2,1 млрд сўм (98,9 фоиз) маблағ истеъмолчиларга қайта ҳисоб-китоб қилинишига эришилди ва қолган маблағларни истеъмолчиларга қайтариш чоралари кўрилмоқда.
Шу билан бирга, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ўтказилган тизимли ўрганишлар, ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган маълумотлар асосида турли йўналишларда 39 та ўрганиш ва таҳлиллар ўтказилган.
Мазкур ўрганишлар ва таҳлиллар натижасида 259 499 нафар истеъмолчига жами 23 млрд сўм миқдорида ортиқча маблағлар ҳисобланганлиги аниқланган ҳамда мазкур маблағларни истеъмолчиларга қайтариш чоралари кўрилган.
Товарлар (ишлар, хизматлар) хавфсизлиги ва уларнинг сифатини назорат қилиш мақсадида, тасдиқланган режа-график асосида мунтазам равишда чакана савдода товарлар назорат харидини ва уларни экспертизадан ўтказиш ишлари йўлга қўйилган.
Шунга кўра, жами 85 номдаги маҳсулотларнинг назорат хариди амалга оширилиб (“Сифат назорати” телекўрсатуви билан ҳамкорликда), уларнинг экспертизадан ўтказиш натижаларига кўра, 13 номдаги маҳсулотлар норматив-техник ҳужжатлар талабларига жавоб бермаслиги аниқланган.
6 та дори воситалари (қалбаки ёки давлат реестрига киритилмаган) амалдаги техник жиҳатдан тартибга солиш ҳужжатларига номувофиқлиги аниқланиб, белгиланган тартибда чора кўриш учун ваколатли органларга юборилган.
Бугунги брифингдан фойдаланиб республикамиздаги дори воситалари ва тиббий буюмлар савдоси билан шуғулланувчи субъектларни қуйидаги муҳим масалага алоҳида эътибор қаратишларини илтимос қилардим.
Хабарингиз борки, дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларини улгуржи ва чакана сотиш уларни етказиб беришда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъи назар, улгуржи савдо учун сотиб олинган қийматидан 15 фоиздан, чакана савдо учун улгуржи нархидан 20 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорларда белгиланадиган чекланган савдо устамалари қўлланилган ҳолда амалга оширилиши белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳолини сифатли дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига (26.10.2022-yildagi ПҚ-411-сонли) мувофиқ, жорий йил 1 майдан бошлаб жисмоний шахслар томонидан сотиб олинган дори воситалари учун дорихоналар томонидан тақдим этиладиган харид чеки солиқ органларининг махсус мобил иловасида рўйхатдан ўтказилганда дори воситаларига устамалар юқори қўлланилганлиги аниқланган тақдирда Қўмитага хабар юборилиши ва ушбу маълумот асосида ҳуқуқбузардан белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 164-моддасига мувофиқ жарима ундириш белгиланган.
Шу сабабдан, дори воситалари ва тиббий буюмлар савдосида қонунчиликда белгиланган чекланган савдо устамаларига риоя этишларини сўраймиз.