24 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.
Қирғизистон етакчиси давлатимиз раҳбарини таваллуд куни билан самимий табриклаб, Ўзбекистонга тинчлик-осойишталик, равнақ ва барқарор тараққиёт тилади.
Суҳбатда Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги яхши қўшничилик ва кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Саноат, автомобилсозлик, тўқимачилик ва электротехника тармоқларида, энергетика инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича ҳамда ҳамкорликнинг бошқа соҳаларида қўшма кооперация лойиҳаларини амалга оширишда эришилаётган натижалар мамнуният билан қайд этилди.
Ҳукуматлараро комиссия фаолияти доирасида янги савдо ва инвестиция лойиҳалари тўпламини тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон ва Қирғизистон етакчилари бўлажак олий даражадаги тадбирлар режасини ҳам кўриб чиқдилар.