Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Корея Республикаси Президенти Юн Сок Ёлнинг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди.
Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари меҳмонни самимий қутлаб, дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 32 йиллиги ва Ўзбекистон-Корея алоҳида стратегик шериклик муносабатларининг беш йиллиги билан чин дилдан табриклади.
Учрашув чоғида сиёсий, савдо-иқтисодий, технологик ва бошқа устувор соҳаларда амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Корея Республикаси Ўзбекистоннинг етакчи савдо ва инвестиция ҳамкорларидан бири эканлиги таъкидланди. Ўтган йили товар айирбошлаш 2,5 миллиард долларни ташкил этди, корейс инвестициялари ҳажми 7,5 миллиард доллардан ошди. Туристлар оқими ортиб бормоқда, Тошкент ва Сеул ўртасида бир ҳафтада 10 та авиапарвоз амалга оширилмоқда.
Ҳамкорлик салоҳиятидан янада самарали фойдаланиш, йирик юқори технологик лойиҳаларни аниқлаш ва илгари суриш учун янги шериклик моделини шакллантириш юзасидан келишувга эришилди.
Маданий-гуманитар алмашинув самарали ривожланаётгани юқори баҳоланди. Республикамизда Корея етакчи олийгоҳларининг 4 та филиали муваффақиятли фаолият юритмоқда. Ўз навбатида, Жанубий Кореяда 11 мингдан ортиқ ўзбекистонлик талабалар таълим олмоқда.
Корея маданияти уйи, Кўп тармоқли болалар клиникаси, Тошкентдаги Сеул боғи ва Сеул кўчаси дўстлик ва ҳамкорликнинг ҳақиқий рамзига айланди.
Президентлар халқаро ташкилотлар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашнинг аҳамиятини таъкидладилар.
Шунингдек, минтақавий, жумладан, «Марказий Осиё – Корея Республикаси» форматидаги ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Хавфсизлик ва мудофаа соҳасида, хусусан, кибержиноятлар, терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича яқин алоқаларни ўрнатишга алоҳида эътибор қаратилди.